Тель-Авивда яна қуролли ҳужум бўлди
Олам
−
11:12
3238Кеча, 21 январь куни Исроил пойтахти Тель-Авивда марокашлик эркак пичоқ билан одамларга ҳужум уюштириб, тўрт кишини яралади. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар берди.
Ҳужум кеча, 21 январь куни ресторанлари билан машҳур Наҳалат Биньямин кўчаси ҳудудида, шунингдек, Грузенберг кўчасида содир бўлган.
Тез ёрдам хизмати маълумотларига кўра, икки эркак – 24 ва 28 ёшдагилар ўртача оғирликдаги жароҳатлар олган, яна икки эркак – 24 ва 59 ёшдагилар эса енгил жароҳатлар билан шифохонага етказилган.
“Ичилов шифохонаси уч нафар жабрланувчини даволаётганини, жумладан, бўйнидан оғир жароҳат олган бир нафар бемор борлигини маълум қилди. 29 ёшли хорижлик жиноятчи ҳодиса жойида отиб ўлдирилган”, дейилади хабарда.
Исроил хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, ҳужум қилган 29 ёшли шахс Марокаш фуқаролиги, АҚШда яшаш ҳуқуқи ва чегара назорат талонига эга бўлган. Олдинроқ чегарани назорат қилиш ва иммиграция хизмати эркакнинг Исроилга киришига қарши чиққан, бироқ Бен-Гурион аэропортида хавфсизлик хизмати унинг киришини тасдиқлаган. Ҳодиса террорчилик ҳужуми сифатида таснифланган.
“Мен хавфсизлик хизмати раҳбари Ронен Барни ушбу жиддий воқеани имкон қадар тезроқ текширишга ва керакли хулосалар чиқаришга чақираман”, деди Исроил ички ишлар вазири Моше Арбель.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ, 18 январь куни Тель-Авивда номаълум шахснинг пичоқ билан қилган ҳужуми оқиватида бир неча киши жароҳат олган эди. Маҳаллий полиция бу воқеани террорчилик ҳужуми сифатида таснифлаган.
LiveБарчаси