ТДТ Оқсоқоллар кенгашининг йиғилиши Шимолий Кипрда ўтказиладиган бўлди

Олам

image

Туркий Давлатлар Ташкилоти Оқсоқоллар кенгашининг 17-йиғилиши жорий йилнинг 1-2 май кунлари фақат Туркия томонидан тан олинган Шимолий Кипр Турк Республикасининг (ШКТР) пойтахти сифатида юритиладиган Лефкоша (Никосия) шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар берилди. 

Айни вақтда тадбир ўтказиладиган сана ва жой эътибор марказида бўлиб турибди. Тадбир Самарқандда Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммити ўтказилганидан нақ бир ой ўтиб ўтказилмоқда. Самарқанддаги саммитда қабул қилинган баёнот билан Марказий Осиё давлатлари БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 541(1983) ва 550(1984)-сонли резолюцияларига содиқлигини тасдиқлаган.  

541 ва 550 резолюциялар нима ҳақида? 

Шу ўринда баёнотда рақамлар билан яширишга уринилган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюцияларига эътибор қаратсак. 

541 – бу БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан 1983 йил 18 ноябрда қабул қилинган резолюция бўлиб, уни 13 давлат ёқлаб овоз берган, Покистон қарши чиққан, Иордания эса бетараф қолган. Қарорда барча давлатлар Кипр Республикасининг суверенитети, мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва блокларга қўшилмаслигини ҳурмат қилишга ҳамда Кипр Республикаси ҳукуматидан бошқа орол ҳукуматини тан олмасликка чақирилган. Бу резолюция 1983 йил 15 ноябрда Шимолий Кипр Турк Республикасининг мустақиллик эълон қилишига жавоб тариқасида қабул қилинган. 

550-резолюцияга келсак, у 1984 йил 11 майда 13 давлат томонидан маъқулланган. Покистон қарши овоз берган, АҚШ эса бетараф қолган. Унда шундай дейилган:

“Туркия ва Кипр турк раҳбарияти ўртасида элчилар алмашинуви деб аталмиш барча сепаратистик ҳаракатларни қоралайди, уларни ноқонуний ва ҳақиқий эмас деб эълон қилади ва улардан зудлик билан воз кечишга чақиради; барча давлатларни сепаратистик ҳаракатлар оқибатида тузилган “Шимолий Кипр Турк Республикаси” деб аталмиш давлатни тан олмасликка, ҳамкорлик қилмасликка ва юқорида кўрсатилган сепаратистик тузилмага ҳеч қандай ёрдам кўрсатмасликка яна бир бор чақиради; барча давлатларни Кипр Республикасининг суверенитети, мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, бирлиги ва қўшилмаслик сиёсатини ҳурмат қилишга чақиради; Варошанинг (Кипрнинг Фамагуста шаҳридаги квартал — таҳр.) исталган қисмини унинг резиденти бўлмаган шахслар томонидан жойлаштиришга уринишларини номақбул деб ҳисоблайди ва бу ҳудудни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маъмуриятига топширишга чақиради”.

Бундан кўринадики, Марказий Осиёнинг Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо бўлган уч давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва кузатувчи давлат мақомида қолаётган Туркманистон ўзи билан бир тузилма, яъни Туркий Давлатлар Ташкилотида бўлиб турган ШКТР билан бир стол атрофида тўпланса-да, уни рад этади.

ШКТРда ўтказилиши кутилаётган йиғилишда Шимолий Кипр Турк Республикасининг ТДТ ичидаги ўрни ва минтақадаги стратегик мавқеи яна бир бор муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Туркия ва Шимолий Кипр Турк Республикаси

Кипр оролининг Грецияга қўшилиши тарафдорлари томонидан амалга оширилган давлат тўнтариши натижасида 1974 йилда Туркия қуролли босқинидан бери этник жиҳатдан иккига бўлинган. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида Кипр ҳудудининг тахминан 37 фоизи Туркия назорати остида бўлиб, Шимолий Кипр – 1983 йилда ташкил топган ва жаҳон ҳамжамиятида фақат Анқара томонидан тан олинган. Туркия Шимолий Кипрда 40 минг кишилик ҳарбий контингентини сақлаб турибди. Оролнинг жанубий қисми асосан Кипр юнонлари яшайдиган Кипр Республикаси назорати остида қолган. 

Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркиянинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий ёрдамига жуда боғлиқ. Кипр Республикаси ва БМТ уни босқинчи куч деб ҳисоблайди. Шимолий Кипр Турк Республикаси номини олган тузилма Туркий Давлатлар Ташкилоти ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига кузатувчи сифатида аъзо. 

Шимолий Кипр Турк Республикаси аҳолиси тахминан 300 000 киши бўлиб, 3355 км² майдонда яшайди. Аҳолининг катта қисмини этник турклар ташкил этади. Уларнинг анклавларида Кипр юнонлари ва ливанлик маронитлар ҳам бор. Шимолий Кипр Республикаси пойтахти – Кипр Республикаси ва Шимолий Кипр Республикаси ўртасида бўлинган Лефкоса (Никосия) шаҳри. 

Шимолий Кипр Турк Республикаси Кипрнинг қолган қисмидан буфер зона билан ажратилган. Оролни икки секторга ажратувчи чизиқ Кипрдаги БМТ тинчликпарвар кучлари контингенти томонидан қўриқланади.

Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркия томонидан мана 42 йилдирки, қўллаб келинади ва бу Эрдўған Ҳукумати даврида янада жадаллашди. Бунда эса жуда кўп масалалар Ўзбекистоннинг чекига тушган. 

Маълумки, Ўзбекистон 2019 йилда Туркий давлатлар ташкилотига тўлақонли аъзо бўлди. 2022 йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Туркий Давлатлар Ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг 9-саммити бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган саммитда Илҳом Алиев, Қосим-Жомарт Тўқаев, Садир Жапаров, Ражаб Тойиб Эрдўған ва кузатувчи давлатлар – Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳамда Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этди. 

Ўша саммитда Эрдўған дунё мамлакатларини ҳайратда қолдирган баёнот билан чиқди. У ўз нутқида Туркиядан ташқари ҳеч бир мамлакат тан олмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси ТДТга кузатувчи бўлиб қўшилганини айтди ва бунинг учун ташкилот давлатлари раҳбарларига миннатдорлик билдирди.

“Биродарлик қонуни талабларини бажарган ҳолда, Шимолий Кипр Турк Республикасини ташкилотимизга кузатувчи давлат ўлароқ қабул қилдик. Турк дунёсининг ажралмас бир қисми бўлган кипрлик биродарларимизнинг ёлғиз эмаслигини кўрсатиб, ечим жараёнига ҳам ҳисса қўшдик. Ушбу бирдамлик иродасини намоён этганингиз учун сиз, азиз биродарларимнинг ҳар бирингизга алоҳида миннатдорлик билдираман”, дейди Эрдўған.

Орадан кўп ўтмай, Туркиянинг ўша вақтдаги Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Эрдўғаннинг айтганларига таяниб, Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи давлат сифатида қўшилгани ҳақидаги хабарни Twitter’даги саҳифаси орқали бўлишди. Вазир, Анқаранинг Шимолий Кипр Турк Республикасини қўллаб-қувватлашни давом эттиришда қатъийлигини таъкидлаган.

Туркия расмийлари томонидан берилган икки баёнотдан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов (2022 йил 11 ноябрь) Шимолий Кипр Турк Республикасининг ташкилотга кузатувчи сифатида қўшилганини рад этиб чиқди. 

“Саммит натижасида Шимолий Кипр бўйича алоҳида қарор имзоланмади. Ўзбекистон, айниқса, давлат суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги масалаларида халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий амал қилади. Шимолий Кипрни мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, деган Норов.

Саммит якунлари бўйича Туркий давлатлар ташкилоти сайтида эълон қилинган баёнотда Шимолий Кипр Турк Республикаси ташкилотда кузатувчи мақомни олгани айтилган. Бу ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиевнинг саммитдан бир ҳафта ўтиб “Анадолу” агентлигида эълон қилинган интервьюсида ҳам ўз исботини топди. 

“Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий Давлатлар Ташкилотида кузатувчи сифатида тан олиниши туркий дунёнинг яқинлашуви йўлидаги муҳим қадамдир”, деган Омуралиев.

ТДТнинг 2022 йил 16 ноябрь куни лавозимини расман эгаллаган Бош котиби юқоридаги гаплари билан ШКТРнинг ТДТга кузатувчи бўлиб кирганини тасдиқлади ва бунгача ШКТРнинг ТДТга кузатувчи сифатида қабул қилинмагани ҳақида берилган барча баёнотлар, жумладан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг чиқишини ҳам рад этди. Бош котиб, Кипр турклари туркий дунёнинг “ажралмас қисми” эканини урғулади. 

“Бошқа аъзо ва кузатувчи давлатларимиз сингари, минтақамизда ҳам, глобал даражада ҳам тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт учун Шимолий Кипр Турк Республикаси билан ҳамкорликни давом эттирамиз”, деган у.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркий давлатлар ташкилоти Шимолий Кипр Турк Республикаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг