Тайсонни ютган Холифилд Тошкентда. QALAMPIR.UZ бокс қиролларига микрофон тутди

Спорт

Айни кунларда бутун дунё бокс ихлосмандларининг эътибори Тошкентга қаратилган. Бутунжаҳон бокс иттифоқининг (WBC) йиллик 61-Конвенциясига Ўзбекистон мезбонлик қилмоқда. Жаҳон бокси юдузлари ҳам айни вақтда Тошкентда бўлиб турибди. WBC-йил давомида қилган ишларини кўз-кўз қилаётган бир вақтда QALAMPIR.UZ ижодкорлари америкалик бокс афсонаси, барча яхши таниган Майк Тайсонни икки марта мағлубиятга учратган, “темир” Майк билан жангда қулоғидан айрилишига сал қолган юлдуз Эвандер Холифилд билан суҳбатлашди.

QALAMPIR.UZ Холифилднинг Ўзбекистон билан боғлиқ таассуротлари ва ўзбек бокси ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

“Ҳар қандай соҳада бўлгани каби спортда ҳам маҳорат ва малака жуда муҳим. Катта даражага чиқиш қийин бўлади, лекин мен буни қила олишимга ишондим ва уддаладим, гарчи мағлубият аламини тотиш ва шарманда бўлиш эҳтимоли бўлса ҳам. Биласизми, бу жараёнда асабийликни ҳар лаҳза ҳис қилиб яшайсиз. Ҳар доим ғалаба қозонишга интиласиз ва мағлубият доим уятли ҳолатдек туюлади. Мен ана шундай жараёнларни бошимдан ўтказдим. Бу учун мендан  тажриба, ғалаба ва мағлубиятлардан сўнг оёққа туриш талаб қилинди”, дейди Холифилд.

WBA, WBO ва IBF йўналишлари бўйича жаҳон чемпиони украиналик Александр Усик ҳам Тошкентга келганини олдин маълум қилган эдик. У 13 ноябрь куни бўлиб ўтган WBC Конвенцияси очилиш маросимида ҳам иштирок этганди. Бугун ҳам украиналик чарм қўлқоп устаси ташкилот тадбирида кўриниш берди. Ўз фикрларини билдириб бўлгач, Усик то хонасига боргунига қадар мухбирлар қуршовида бўлди. Унинг олдига яқин боришнинг деярли имкони бўлмади, аммо QALAMPIR.UZ ўз аудиториясини “The Ring” журналига кўра, вазн тоифасидан қатъи назар дунёнинг энг яхши боксчиси ҳисобланган Усикнинг Ўзбекистон ва Баҳодир Жалолов ҳақидаги фикрларидан бохабар қилмаса бўлмас эди.

“У яхши йигит, шу билан бирга у Олимпиада чемпиони. Ўйлайманки, Баҳодир Жалоловни ёрқин келажак кутмоқда”, дейди Усик.

Энди ҳамма 16 ноябрь куни Холифилднинг азалий рақиби Майк Тайсоннинг Тошкентга келишини ва 17 ноябрь куни ўзбекистонлик боксчилар иштирокида бўлиб ўтадиган жанг оқшомини интиқлик билан кутмоқда. Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ саҳифаларида кузатиб боришни тавсия қиламиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Тайсон Холифилд бокс қироллари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг