Татьяна Каримова қизи Гулнорани кўришга рухсат берилмаётганидан нолиди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова биринчи марта қамоқда сақланаётган тўнғич қизи Гулнора Каримовани кўришга рухсат берилмаётгани ҳақида сўз очди. У бу ҳақда Instagram’даги саҳифасида ёзиб қолдирган. 

Аввалига Татьяна Каримова бугун, 17 июнь куни 25 ёшни қаршилаган набираси – Гулнора Каримованинг қизи Имонни таваллуд куни билан табриклаган. 

“Неварам Имонни 25 ёшни қарши олгани билан табриклайман. Бахт, фароғат, меҳр-муҳаббат тилайман.

Лекин афсуски, бугунги гўзал кун қувончи тўкис эмас. 21-жазони ижро этиш колониясидаги қизим Гулнорани кўришга рухсат берилмади…” деб ёзган Татьяна Каримова.

Бугунгача Татьяна Каримова тўнғич қизи ҳақида умуман гапирмаган. Ислом Каримовнинг дафн маросимида ҳам на Гулнора Каримова ва унинг фарзандлари кўриниш берган. Гулнора Каримова эса 2013 йилда ўзига бир қатор айбловлар қўйилиши ва унга оид ташкилотлар ёпилишида онасини айблаб чиққанди. 

Биринчи Президент Ислом Каримов бу ҳафта диққат марказида турди. Бу нафақат унинг қизлари, балки ўғли билан ҳам боғлиқ. Гап шундаки, Каримовнинг биринчи турмушидан ўғли Пётр Каримов мерос масаласида Татьяна Каримовани судга берган. Суд мажлис жорий йилнинг 26 июнь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Гулнора Каримова қаерда? 

Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.

2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. 

Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова 2022 йилнинг 8 июль куни 50 ёшни қаршилади. Унинг ўғли Ислом Каримов Лондонда истиқомат қилмоқда. У уйланган, бир нафар фарзанди бор. Қизи Имон Каримова ҳам Лондонда ўқишни давом эттирмоқда ва у баъзан Ўзбекистонга келиб туради. Имон Каримова бувиси Татьяна Акбаровна Каримова ва холасининг қизи Марям Тилляева билан узилиб кетган муносабатларни тиклаган. 

Каримовлар оиласининг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева Ислом Каримов вафотидан кейин Ўзбекистонни тарк этган.  У АҚШдан туриб Ислом Каримов номидаги Республика жамоат фондини юритмоқда. Шунингдек, “The harmonist” атторлик моллари брендига ҳам асос солган. Биринчи Президентнинг беваси Татьяна Каримова эса Тошкентда ёлғиз истиқомат қилмоқда. У 26 август куни 74 ёшни қаршилайди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова Татьяна Каримова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг