Ташқи савдо юкларини божхона назорати остида ташиш осонлашади
Жамият
−
23 Декабрь 2020
3684Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташқи савдо юкларини божхона назорати остида ташишни соддалаштириш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга мувофиқ, божхона назорати остида автомобиль йўлларида ташилаётган товарларнинг божхона ҳамроҳлигидаги кузатувини ташкил этиш ҳамда чет эл товарларини ташиш жараёнида божхона тўловлари тўланишини таъминлашни ваколатли шахслар билан реал вақт режимида ва интерактив шаклда ўзаро ҳамкорлик асосида ҳисобга олиш ва назорат қилиш тартиблари тасдиқланди.
Шунга кўра, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида божхона ҳамроҳлигида, махсус жиҳозланган автомобиллар ёрдамида кузатиб бориладиган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви жўнатувчи ҳамда манзил божхона постларида, шунингдек, қабул қилиш-топшириш пунктларида устувор тартибда амалга оширилади.
Божхона ҳамроҳлигида кузатувни амалга оширишда ташувчи, юк жўнатувчи ёки қабул қилувчининг сарф-харажатлари божхона органлари томонидан қоплаб берилмайди.
Божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилаётган транспорт воситалари ички ишлар органларининг блок-постларида тўхтатилиши ҳамда товарларни кўриш учун автомобилнинг юк бўлмаси очилиши тақиқланади.
Чет эл товарларини ташиш жараёнида божхона тўловларини таъминлаш ваколатли шахслар томонидан электрон шаклда, онлайн тақдим этилади.
LiveБарчаси