301 минг дона пиротехника буюмини Ўзбекистонга олиб киришга уринганлар ушланди (видео)
Crime
−
12:51 317 2 minutes
Наманган вилоятида Қирғизистондан Ўзбекистонга 301 минг 462 дона пиротехника буюмини ноқонуний олиб киришга уриниш фош этилди. Уларнинг умумий қиймати 817,7 млн сўмга баҳоланган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Чегара қўшинлари, Ички ишлар ва Божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда Қирғизистондан Ўзбекистонга кириб келган “КамАЗ” юк машинаси ва унга уланган “Самро” русумли ярим тиркама “Учқўрғон” чегара-божхона постида тўхтатилиб, текширилган.
Текширув давомида ярим тиркаманинг пол қисми остига яширилган, хорижда ишлаб чиқарилган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган 10 турдаги жами 301 минг 462 дона пиротехника буюмлари аниқланган. Шунингдек, 700 дона “Стекловидное тело” номли тиббиёт дори воситаси ҳам топилган.
Баҳолаш ҳисоботига кўра, пиротехника буюмларининг қиймати 817 млн 716 минг сўмни, дори воситалариники эса 2 млн 128 минг сўмни ташкил этади.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан юк машинаси ҳайдовчиси – Фарғона вилояти Қувасой туманида яшовчи, 1980 йилда туғилган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 250-1-моддаси (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Домодедово аэропортида Ўзбекистонга учиб келаётган 32 ёшли йўловчининг юкидан таркибида радиоактив модда бўлган 31 килограмм қуритилган оқ қўзиқорин топилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All