Ташиев митинглар ортида турганларни изига тушишни буюрди
Олам
−
08 Декабрь 2023
10630Қирғизистонда ўтган ҳафтадан бери бозорларда патент бекор қилиниши ва янги солиқ режимига ўтилишидан норози одамлар митингга чиқмоқда. Норозилик намойишлари фонида Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ўзи раҳбарлигидаги қўмита ва Солиқ хизмати бошлиқлари билан тезкор йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази хабар берди.
“Йиғилиш янги солиқ тизимини оптималлаштириш доирасида ҳамда алоҳида бузғунчи кучлар томонидан мамлакатдаги йирик бозорлар савдогарларининг митингларини ташкил этиш орқали ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга уриниши фонида ўтказилди”, дейилади хабарда.
Ташиев тадбиркорлик субъектлари, жумладан, республикадаги йирик савдо-кўнгилочар марказлари эгалари томонидан ҳақиқий даромадларни яшириш фактларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш, митинглар ташкил этишда иштирок этган шахсларни аниқлаш, солиқ хизмати ходимлари ўртасида коррупция ва порахўрлик ҳолатларига барҳам бериш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берган.
У бозор савдогарлари учун қулай шарт-шароит яратиш, улар учун савдо бинолари ижара ҳақини камайтириш, савдо шохобчалари ва савдо-бозор мажмуалари эгаларининг яширин даромадларини аниқлаш асосий вазифа эканини айтган.
“Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг барча соҳаларда яширин даромадлар, коррупция ва порахўрликни бостириш борасидаги ҳаракатлари янада кучаяди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 6 декабрь куни Қамчибек Ташиев бозор эгалари савдогарларга шароит яратиб бермаса, давлат бозорларни тортиб олишини айтганди.
LiveБарчаси