Танзила Норбоева “Сардоба фожиаси” сабабчилари аниқланиб, қонуний баҳо берилишини айтди
Жамият
−
05 Сентябрь 2020
8910Маълумки, жорий йилнинг май ойи бошида Сирдарё вилояти Сардоба туманида жойлашган “Сардоба” сув омбори тўғонининг ёрилиши оқибатида минглаб аҳоли уй-жойидан, мол-холидан, экин-текинидан айрилди. Айни вақтга қадар ушбу фожиа талафотларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ушбу ҳолатнинг юзага келишига сабабчи бўлганлар жазоланишини маълум қилди. Парламент раҳбари бу ҳақда бугун, 5 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган сайёр мажлисида гапирган.
“Албатта, ислоҳотлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, улкан ютуқларга осонлик билан эришилмаяпти. Айниқса, бу йил оғир келди. Бутун жаҳонда кузатилгани каби мамлакатимизда ҳам пандемия ва унинг ортидан келган глобал иқтисодий инқироз ташвишларга сабаб бўлди.
Бунинг баробарида, “Сардоба” сув омборида юз берган ҳалокат ва унинг оқибатлари нафақат сирдарёликлар, балки бутун халқимизни ташвишга солди. Албатта, ушбу фавқулодда ва техноген ҳолатлар оқибатларини бартараф этиш ва келгусида уларнинг олдини олиш бўйича давлат раҳбари ва ҳукумат даражасида барча зарур чоралар тезкорлик ва қатъиятлик билан амалга оширилмоқда. Айниқса, жабрланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ишлари умумхалқ ҳаракати тусини олди. Бу борада “Сардобага ёрдам” акцияси ҳам халқимизни янада жипслаштирди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан бу борадаги вазифалар ижроси назоратга олинган. Албатта, “Сардоба сув омбори”да юзага келган ҳолат сабаблари, керак бўлса, сабабчилари аниқланади ва қонуний баҳо берилади. Бунга ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак. Бироқ ҳаёт давом этмоқда, ҳозир жабрланган аҳолини қўллаб-қувватлаш, одамларни рози қилишга кўпроқ эътибор қаратиш зарур”, дейди Норбоева.
Маълум қилинишича, фожиадан сўнг 175 та тадбиркорлик субъектидан 32 тасига етказилган зарар миқдори 9,1 млрд сўм деб аниқланган бўлса-да, қолган 143 та тадбиркорнинг мол-мулкига етказилган зарар миқдори бўйича аниқ ҳисоб-китоблар амалга оширилмаган ва зарарни қоплаш бўйича ҳеч қандай амалий чора-тадбирлар кўрилмаган.
Қолаверса, умумтаълим объектларини таъмирлаш, тиклаш ва қайта қуриш ишлари белгиланган муддатларда амалга оширилмаган. Уй-жойсиз қолган 1 308 нафар фуқаро ҳозирги кунгача 13 та муассаса, шу жумладан, 6 та умумтаълим мактабида яшаётганлиги сабабли мазкур таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш ишлари кечикмоқда.
Яна бир жиҳат, ирригация-мелиорация объектларини тиклаш ишлари бўйича молиялаштириш ишлари якунига етказилмаган. Айрим қишлоқ хўжалиги тармоқлари бўйича етказилган зарарни қоплаш ишлари етарли даражада бажарилмаган.
Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида талафот кўрган 54 та фермер хўжалигининг 4 204 гектар пахта ва ғалла майдонларига экинларни қайта экиш учун суғурталанмаган 9,5 млрд сўмлик зарарни қоплаш масаласи ҳал этилмаган. Бундан ташқари, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик йўналишларида ҳам шу каби муаммолар ўз ечимини кутмоқда.
Сенат раиси юқоридагиларга тўхталаркан, кўп муаммолар Сенат аралашуви билан ҳал этилаётганини урғулади.
“Сенат ҳудудлар палатаси сифатида келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар, олиб борилган ўрганиш ва таҳлиллар бу борада эътибор қаратиш лозим бўлган қатор муаммоларга бефарқ қарай олмайди. Шу нуқтаи назардан, Сенат томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, “Сардоба сув омбори” тўғонида юзага келган техноген ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилди. Одамлар билан бевосита мулоқот қилиш асносида қатор муаммолар аниқланди. Уларнинг кўплари жойида ҳал этилди.
Хусусан, Ишчи гуруҳ саъй-ҳаракатлари билан ҳудудда амалга оширилаётган ишлар учун ажратилган маблағлар ундириб берилди”, дейди Танзила Норбоева.