“Танқид қилсанг, таклиф қил” – Журналистлар уюшмаси мансабдорининг жавоби Алламжоновга қаратилганми?
Жамият
−
12 Март 2019
7193Шу кунларда оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси фаолияти танқидга олинган мақолалар, чиқишлар сони ортиб бормоқда. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган анжуманда ҳам агентлик директори Журналистлар ижодий уюшмаси фаолиятини танқид қилиб, медиа соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда бу инстанциянинг роли йўқлиги, унинг фақат номи мавжудлигини айтганди. Ўз ўрнида Алламжоновнинг бу чиқиши кўплаб оммавий ахборот воситалари томонидан олқишланди.
Бироқ, танганинг иккинчи тарафи бўлганидек, уюшма фаолиятида ҳам ўзига яраша муаммо ва камчиликлар мавжуд. Буларни эса ҳозирги имкониятлар билан ҳал этиш мушкул. Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида чиқиш қилиб, мавжуд муаммоларга тўхталди. У шундай деб ёзади:
“Яқинда таниқли, обрў-эътиборга эга бир танишим Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмалари ҳақида гапириб, икки уюшмани таққослаган киши бўлиб, Ёзувчилар уюшмасини мақтади, Журналистлар уюшмасини танқид қилди.
“Танқид қилсанг, таклиф қил” деган гап бежиз айтилмаган. Ўша танишим уюшмамизни осонгина танқид қилди-ю таклиф билдирмади, билдираолмасди ҳам. Чунки у Журналистлар уюшмаси, унинг структураси, имконият ва ваколатлари ҳақида етарлича маълумотга эга эмас.
Мен уюшмамиз ҳамма ишни қойиллатмоқда, Ёзувчилар уюшмаси мақтовга нолойиқ, дейишдан йироқман. Аммо икки ташкилот фаолиятига баҳо беришда, аввало, уларнинг кучи, томонлар имкониятлари, шарт-шароитларини ҳам ҳисобга олиш адолатдан бўлишини эслатмоқчиман.
Ўша одам ёзувчилар уюшмаси жамоаси барча зарур шарт-шароит яратилган алоҳида замонавий бинода, ишлашга қулай ва шинам хоналарда эмин-эркин фаолият олиб бораётганини, тизимда (вилоятлар билан қўшиб ҳисоблаганда) 110 нафардан зиёд ходим ишлаётганини, уюшма раисининг тўрт нафар ўринбосари борлигини, Журналистлар уюшмасида эса (вилоятлар билан қўшиб ҳисоблаганда) 40 нафардан ортиқ ходим ишлаётганини, айни кунда раиснинг бир нафар ўринбосари фаолият олиб бораётганини, Журналистлар уюшмаси марказий аппаратининг ун нафардан кўпроқ ходими учта хонага тиқилиб, ноқулай шароитларда ишлаётганини билармикин...”
Холмурод Салимов таниши билан мулоқотга жавобан кечинмаларини ижтимоий тармоқларда эълон қилдию аммо Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжоновнинг айтганларига жавоб қайтармаган. Балки қизим сенга гапираман, келиним сен эшит қабилида иш тутгандир.
LiveБарчаси