Талабани ўқишга тиклаш учун $700 сўраган собиқ декан ушланди

Crime

image

Тошкентда талабаликдан четлаштирилган қизни ўқишга қайта тиклаш эвазига 700 АҚШ доллари талаб қилган техникумнинг собиқ декани ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 1972 йилда туғилган, мазкур техникумда декан лавозимида ишлаган шахс ушланган.

У Тошкент тиббиёт академиясига қарашли техникумнинг фармацевтика йўналиши 3-босқичидан четлаштирилган талабани ўқишга қайта тиклаш ва ўқишини давом эттиришга ёрдам беришини ваъда қилиб, бунинг эвазига 700 АҚШ доллари талаб қилган.

Собиқ декан келишилган пулни таълим муассасаси ҳудудида олаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 214-моддаси (Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида тадбиркордан санитария-эпидемиологик хулоса тайёрлаб бериш эвазига пора талаб қилган мансабдор шахс аниқланган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends