Таксидаги йўловчи ёнидан гиёҳвандлик моддаси топилди
3-саҳифа
−
12:06 2509 2 дақиқа
Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳудудида “Cobalt” русумли автотранспорт воситасида йўловчи сифатида ҳаракатланаётган, 53 ёшли шахснинг ёнидан 600 грамм “опий” гиёҳвандлик моддаси аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, ушбу шахс Тошкент шаҳрида истиқомат қилади. У мазкур гиёҳвандлик воситасини Бекобод шаҳрида яшовчи, 40 ёшли танишидан 5 минг АҚШ доллари ва 5 миллион сўм эвазига сотиб олган. Шундан сўнг тезкор тадбирлар давом эттирилган. Натижада, бекободлик наркосавдогарнинг яшаш хонадонидан 1 килограмм 47 грамм “опий”, шунингдек, унинг икки нафар жиноятга алоқадор шахсдан 335 грамм “опий” моддаси топилиб, мусодара қилинган.
Текширувлар жараёнида мазкур гиёҳвандлик воситалари Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилгани маълум бўлди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (Контрабанда) ва 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 20 январидан бошлаб Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида мамлакатда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, уюшган жиноятчилик ва гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши қаратилган кенг кўламли тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда кўча безорилиги билан шуғулланган “Эшон” ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси