Тадбиркорлик билан шуғулланиб келган яна 107 амалдор аниқланди
Жамият
−
13 Сентябрь
6805Транспорт, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Маданият вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотлари ўрганилганда уларда фаолият юритаётган 107 нафар бошқарув ходими 116 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётгани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Транспорт вазирлигининг 50 та бошқарув ходими 55 та тадбиркорлик субъектида, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 37 та бошқарув ходими 39 та тадбиркорлик субъектида ҳамда Маданият вазирлигининг 20 та бошқарув ходими 22 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келган.
Билдирилишича, юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш бўйича мазкур вазирликларга агентлик томонидан киритилган тақдимномалар ушбу вазирликлар томонидан танқидий муҳокама қилинган ва тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик қилаётган ходимларга нисбатан огоҳлантириш хатлари берилиб, қайд этилган қонунбузилиши ҳолатлари бартараф этилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасига асосан давлат органлари (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунчиликда ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик субъектларида фаолият юритиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасида давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 3 та вазирликнинг 398 нафар амалдори тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келгани аниқланган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь