Табризда 20 ёшли қиз вазирликка чақиртирилганидан сўнг шубҳали тарзда вафот этди
Олам
−
29 Март
25707Эронда собиқ сиёсий маҳбус, 20 ёшли Сара Табризий Эрон Ахборот, разведка ва хавфсизлик вазирлигига чақиртирилганидан кейин шубҳали тарзда вафот этди. Бу ҳақда кеча, 28 март куни "Iran International" нашри маълум қилди.
Хабар қилинишича, у олий етакчи Оятуллоҳ Али Хоманаийни ҳақорат қилиш, қалбаки ҳужжатлар ва бировнинг паспортидан фойдаланиш каби жиноятларни содир этган. Табризий ҳаётининг сўнгги ҳафталарида Эрон ҳукумати хавфсизлик агентлари томонидан қаттиқ руҳий босимга учраган ва ўлимидан бир кун олдин Эроннинг машҳур жосуслик вазирлигига чақирилган. У Теҳрон инқилобий судида таниқли судья Имон Афшарий томонидан суд қилинган. 2023 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида ва жорий йилнинг январида қамоқда ўтирган.
16 ноябрь куни Табризий Англияга кетаётганида Теҳрон халқаро аэропортида хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинган. У Разведка вазирлигига қарашли, Нобель мукофоти совриндори Наргис Муҳаммадий сақланаётган Эвин қамоқхонасининг 29-бўлимига юборилган. Тахминан ўн кунлик сўроқдан сўнг, у 10 миллиард риал (20 минг доллар) гаров эвазига озод қилинган.
Маълумотларга кўра, Табризий ҳибснинг дастлабки уч кунини бир кишилик камерада ўтказишга мажбур бўлган, оқибатда қизнинг қон босими ошган ва юрак уриши тезлашган. Кейинчалик уни Эвин қамоқхонасидаги уч кишилик камерага ўтказишган.
Табризий жорий йилнинг 8 январь куни яна бир бор чақирилиб, ҳибсга олинган. Бу сафар 20 миллиард риал (40 минг доллар) гаров эвазига озод қилинган.
Эроннинг юридик тиббиёт ташкилоти Табризийнинг оиласига хавфсизлик ходимлари иштирокида тақдим этган расмий ҳисоботида унинг ўлимига ҳаб дори қабул қилиш сабаб бўлганини билдирган. Унинг оиласи қизнинг жасадидан ҳеч қандай дори истеъмол қилиш аломатлари йўқлигини айтган.
"У ўз жонига қасд қилганми, инсульт бўлганми ёки давлат ходимлари томонидан ўлдирилганми, биз билмаймиз”, деган қизнинг яқинлари.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди. Бутун мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган норозилик тўлқини кузатилди. Уч ой ичида митинг ва юришлар 157 та шаҳар ва аҳоли пунктларини қамраб олди. Уларнинг иштирокчиларини демократик ўзгаришларга чақириб, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган репрессияларни қоралади ва ҳибсга олинганларни озод қилишни талаб қилди. Жами 18,5 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинди. Тартибсизликларни бостириш вақтида 507 нафар фаол ва 66 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлганди.
LiveБарчаси