Таътилга чиққан Мирзиёев, “Чорсу”сиз қолган инвестор, лавозими кўтарилган Мирзиёева ва бошқа хабарлар
Жамият
−
05 Август 2019
56015 август куни ҳам ниҳоясига етяпти. Қуйида бугуннинг энг муҳим воқеаларига тўхталиб ўтамиз.
Шавкат Мирзиёев таътилга чиқди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 августдан эътиборан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқди. Давлат раҳбарининг таътили Ўзбекистон ҳудудида ўтказилиши режалаштирилгани айтилган.
Қозоғистон хавотир билдирди
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги AҚШнинг оралиқ ва қисқа масофали ракеталарни йўқ қилиш ҳақидаги келишувдан чиқиб кетаётганидан хавотир билдирди.
AҚШнинг шартномадан чиқиши, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотига кўра, глобал миқёсда жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган янги қуролланиш пойгасига олиб келиши мумкин. Таъкидланишича, Қозоғистон ҳар доим барча иштирокчи давлатлар томонидан шартнома шартларига қатъий риоя қилиш тарафдори бўлиб келган.
Довонда Ан-2 самолёти ҳалокатга учради
Кеча, 4 август куни Тожикистонда Ан-2 самолёти ҳалокатга учради. Натижада бир киши вафот этди, яна бири жароҳатланди. Воқеа Фаҳробод довонидаги аэроклубда юз берди. Армия, авиация ва флотга кўмаклашиш кўнгиллилар жамияти вакили Абдурақиб Қодировнинг хабар беришича, самолёт кескин қўнишни амалга оширган.
Аҳмет Демир “Чорсу” меҳмонхонасини қўлдан бой берди
Хабарингиз бор, 2018 йил 9 мартдаги шартномага кўра, собиқ “Чорсу” меҳмонхона мажмуаси туркиялик тадбиркор Аҳмет Демирга қатор шартлар билан берилганди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилишича, хорижий корхона томонидан олди-сотди шартномасида белгиланган мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмагани сабабли, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг жорий йилнинг 2 июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, томонлар ўртасидаги шартнома бекор қилинган.
Ўшанга 20 йил бўлди
1999 йил 5 августда, бундан 20 йил олдин, Россия президенти Борис Ельцин ФХХ директори Владимир Путиннинг кабинетига қўнғироқ қилиб, унга ҳукумат раҳбари лавозимини таклиф қилди ва шу билан бирга “энг юқори лавозим” ҳақида ўйлаганди.
Дилявер Гулям Пайариқда нима қиляпти?
Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуаси яқинида АҚШнинг “GMFR-AL-BUKHARI” компанияси томонидан тўрт юлдузли замонавий меҳмонхона қурилиши бошланди.
Келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлган АҚШлик тадбиркор Дилявер Гулям томонидан қурилаётган тўрт юлдузли, 120 ўринга мўлжалланган меҳмонхона 2020 йилда фойдаланишга топширилади.
Бухорода автобус ЙТҲга учради
Кеча, 4 август куни соат 18:30 ларда Бухоро вилояти ҳудудида йўл транспорт ҳодисаси юз бериши натижасида бир киши ҳалок бўлди. ЙТҲ “Олма-ота – Нукус” ҳалқаро автобус йўналишида ҳаракатланиб бораётган Қозоғистон Республикаси “Юг Транс Лайн” автокорхонасига тегишли бўлган VANHOOL русумли автобус иштирокида Жондор тумани “Луқмон” МФЙга қарашли чўл массиви ҳудудидан ўтувчи А-380 халқаро йўлининг 299 километрида содир бўлди.
Мирзиёев таътилдалигида унинг вазифасини ким бажаради?
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли таътилга чиққани ҳақида хабар берган эдик.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг Бош вазирлик ва Президентликдаги илк таътили экани таъкидланяпти. Яъни, Шавкат Мирзиёев 17 йил ичида – 14 йил Ҳукумат раҳбари ва 3 йил давлат раҳбари сифатида бирор марта таътилга чиқмаган.
Ҳаво ҳарорати 1833 йилдаги рекордни янгилади
Бир пайтлар Европанинг ёмғирли пойтахтларидан бири бўлган Брюсселда қуёш шафқатсиз даражада кўтарилган. Белгияда 1833 йилдаги мутлақ рекорд бузилди: Клеин Брогелда ҳарорат 40,6 гача кўтарилган.
“Меҳрибон Президент” таътилни қандай ўтказаётгани кўрсатилди
уркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таътили давом этмоқда. Кеча, 4 август куни маҳаллий телеканалда давлат раҳбарининг таътилни қандай ўтказаётгани ҳақида лавҳа эфирга узатилди. 35 дақиқалик информацион дастурнинг нақ 28 дақиқаси Туркманбошининг таътилига бағишланди.
Шаҳноза Мирзиёева янги лавозимга тайинланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева Мактабгача таълим вазирлигида бошқарма бошлиғи этиб тайинланди. Вазирлар Маҳкамасининг 1 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳайъати аъзолари таркибини тасдиқлаш тўғрисида” қарори шундан дарак бермоқда.
Жаслиқда сақланаётган Шуҳрат Ғуломов энди қайси қамоқхонага жўнатилади?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 2 август куни “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган Жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғироқ тумани Жаслиқ қўрғонида жойлашган ва халқ тилида “борса келмас” деб ном олган ушбу қамоқхонада 395 киши сақлаб келинаётган эди. Улар орасида собиқ МХХ раиси ўринбосари Шуҳрат Ғуломов ҳам бор.
Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати қачон пасаяди?
Ўзбекитонда 10-11 августга бориб, ҳарорат пасаяди ва 33-38 даражани ташкил қилиши кутилмоқда. Июль ойи Ўзбекистонда ҳам минтақа ёзи учун ҳам жуда иссиқ келди. Бу йил Ўзбекистонда бутун метеорологик кузатувлар даврида барча ҳудудлар, хусусан Тошкентда ҳам энг иссиқ июль ойи бўлган.
Россияда йирик қурол-аслаҳа омбори портлади (видео)
оссиянинг Красноярск ўлкаси Ачин тумани Каменка қишлоғидаги қурол-аслаҳалар омборида ёнғин бошланиши ортидан йирик портлашлар бошланди. Ёнғин ва портлаш натижасида бир нафар ҳарбий ҳалок бўлган. Тўрт киши жароҳатланган. Россия ФВВнинг маълум қилишича, ёнаётган омборнинг 20 км радиусда аҳоли эвакуация қилиняпти. Бунинг учун автобуслар ажратилган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15