Жаслиқда сақланаётган Шуҳрат Ғуломов энди қайси қамоқхонага жўнатилади?
Жамият
−
05 Август 2019
62592Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 2 август куни “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган Жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғироқ тумани Жаслиқ қўрғонида жойлашган ва халқ тилида “борса келмас” деб ном олган ушбу қамоқхонада 395 киши сақлаб келинаётган эди. Улар орасида собиқ МХХ раиси ўринбосари Шуҳрат Ғуломов ҳам бор.
Президент қарорига кўра, 19-сон ЖИЭКда сақланаётган маҳкумлар бир ой муддатда суд томонидан белгиланган тартиб турига мувофиқ равишда ички ишлар органларининг бошқа жазони ижро этиш колонияларига ўтказилади. Хўш, Ғуломов мамлакатдаги қайси қамоқхонага кўчирилади? Бу ҳақдаги савол билан QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова Ички ишлар вазири ўринбосари Баҳромбек Одиловга юзланган.
Вазир ўринбосари саволни четлаб ўтишга ҳаракат қиларкан, “Улар қонунда белгиланган тартибда ўтказилади. Қаергалиги ҳали аниқ эмас”, дейди. Бироқ, вазир ўринбосари ўрнатилган тартиб қандайлигига аниқлик киритмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида ўтказган йиғилишида, МХХ раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломовни танқид қилиб хоинликда айблаганди.
Ўшанда давлат раҳбари Шуҳрат Ғуломовнинг порахўрлиги ва давлатга қилган хоинлиги учун умрбод қамалганини айтганди.
“МХХда яна битта ғўддайгани бор эди. Ватан хиёнатчиси бўлиб, ҳозир умрбод қамалди. Ғуломов деган ноинсоф. Унинг илдизлари бор ҳалиям. Тошкентда ўргандим, бугун келиб одамларини ишдан олдим. Энди ҳар биттасини ўзим ишга тайинлайман”, деган эди Мирзиёев.
Шуҳрат Ғуломов 2017 йилнинг январь ойига қадар МХХ раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлади. Кейин МХХНинг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи бўлди.
Унинг мансаб пиллапояларидан кўтарилиши 2005 йилдаги Андижон воқеаларига бориб тақалади. Каримовнинг назарига тушган Ғуломов 2007 йилда мамлакатдаги энг юксак унвон – “Ўзбекистон қаҳрамони” билан тақдирланганди.
LiveБарчаси