МХХнинг хоин генерали Каримов ва Мирзиёевни йўқ қилишни режалаштирганди – Алиев
Жамият
−
23 Октябрь 2019
31951Жаслиқ қамоқхонасида етти йил ўтириб чиққан “Алиев заргари” (Gold Center) заргарлик компанияси раҳбари Аҳмед Алиев Ўзбекистонда 2011—2012 йилларда мамлакатнинг ўша вақтдаги Президенти Ислом Каримовни ҳокимиятдан четлатиш ва ўша вақтда Бош вазир лавозимида фаолият олиб борган Шавкат Мирзиёевни ўлдиришни мақсад қилган тўнтариш режалаштирилганини маълум қилди. У бу ҳақда 21 октябрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Алиевнинг сўзларига кўра, унинг қамалишига бир томондан иқтисодий, бошқа томондан эса сиёсий сабаблар бўлган. Унинг ўзи қамалишида сиёсий сабабларни асосий рол ўйнаган деб ҳисоблайди.
“2011–2012 йилларда Ўзбекистонда давлат тўнтариши тайёрланган. Агар ўша тўнтариш амалга ошса, ўша вақтдаги президент Ислом Каримов лавозимидан четлатиларди. Ўша давлат тўнтариши доирасида ўша вақтда Бош вазир лавозимида фаолият юритган Шавкат Мирзиёев жисмонан йўқ қилинган бўларди. Такрорлайман, уни жисмонан йўқ қилишмоқчи эди. Мени шу тўнтариш ҳақида билиб қолганим учун қамашган”, дейди Аҳмед Алиев.
Аҳмед Алиевнинг сўзларига кўра, Раҳим Мамажонов МХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов номидан унга заргарлик маркази биносини Ғуломовга бериш ва ойлик маош эвазига марказни бошқаришни таклиф қилган. Бундан ташқари, Раҳим Мамажонов унга давлат тўнтаришини амалга ошириш режалаштирилаётганини айтган.
Таниқли заргарнинг таъкидлашича, “Шавкат Мирзиёевни жисмонан йўқ қилиш режаси ортида шахсан генерал Шуҳрат Ғуломов турган”. Алиев, шунингдек, 2019 йилги апелляция судларида айтган гапларини такрорлаган – 2014 йили унда тўнтариш бўйича билганларини ошкор қилиш имконияти туғилган, ёзганлари керакли одамларгача етиб бормаган бўлса-да, кейинчалик айнан унинг ёзганлари асосида ҳуқуқ-тартибот органлари юқори мартабали амалдорларга нисбатан жиноят иши очган.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг январида 51 ёшли генерал-лейтенант Шуҳрат Ғуломов Миллий Хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан ишдан олинган ва Сурхондарё вилояти бошқармасига ўтказилганди. Шуҳрат Ғуломов МХХдаги фаолиятини айнан Сурхондарёдан бошлаганди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 19–20 январь кунлари Сурхондарё вилоятида бўлган чоғида Шуҳрат Ғуломовни хоин деб атаганди.
“Сурхондарёда бу масалада оғир эди. Шунинг учун бу ерга битта ҳам бизнесмен келмаган, келдими дарров қамарди. Бу фалончининг одами, бу пистончининг одами, бу ҳокимнинг пул берадиган одами, деб. Сан кимсан, ўзинг пул бермайдиганмидинг, сан Ғуломов. Сотқин. Поранинг бошида ўзи ўтирарди”, деганди Мирзиёев.
Маълумот учун, МХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов 2017 йили Ўзбекистон Ҳарбий суди томонидан конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва гиёҳванд моддалар контрабандасини ташкил этишда айбдор деб топилиб, умрбод озодликдан маҳрум этилган.