Мирзиёев таътилдалигида унинг вазифасини ким бажаради?
Жамият
−
05 Август 2019
21096Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли таътилга чиққани ҳақида хабар берган эдик.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг Бош вазирлик ва Президентликдаги илк таътили экани таъкидланяпти. Яъни, Шавкат Мирзиёев 17 йил ичида – 14 йил Ҳукумат раҳбари ва 3 йил давлат раҳбари сифатида бирор марта таътилга чиқмаган.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига биноан, Президентга муддати 36 иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган таътил берилади.
Яна бир жиҳат борки, у барчада қизиқиш уйғотади. Президент таътилда бўлганида унинг вазифасини ким бажаради. Конституциянинг Ўзбекистон Республикасининг Президенти тўғрисидаги XIX бобида давлат раҳбарининг таътили ҳақида бирор банд келтирилмаган.
Бобдаги 96-моддада Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилиши белгиланган, холос.
Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев 2003 йил 13 декабрдан 2016 йил 14 декабргача Бош вазир сифатида фаолият юритган. 2016 йилда ўтказилган сайловлар натижасига кўра, Ўзбекистон Президенти бўлди. Шавкат Мирзиёев Бош вазир бўлишдан аввал Самарқанд ва Жиззах вилоятларига ҳокимлик қилган.
Шу ўринда Марказий Осиё давлат раҳбарларининг таътилига тўхталиб ўтсак. Бу борада Қозоғистон Президенти қонунга мувофиқ 45 кунлик ҳақ тўланадиган таътилга чиқиши мумкин. Қозоғистоннинг янги Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг таътилга чиққани ҳақида ҳозирча маълумотлар берилмади. Аммо Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев ёзда таътил олиб, Туркия ёки БААда дам оларди.
2017 йил ноябрида ҳокимиятга келган Қирғизистон Президенти Сороонбай Жээнбековнинг ҳозиргача таътилга чиққани ҳақида расмий маълумотлар бўлмаган. Аммо собиқ Президент Алмазбек Атамбоев таътилини Иссиқкўлда ёки Туркияда ўтказарди.
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг таътили ҳақида шу вақтгача бирор марта ҳам маълум қилинмаган.
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов эса ҳар ёзда таътилга чиқади. У таътилини Каспий денгизи бўйича Аваз курортида китоб ёзиш, мусиқа басталаш ва албатта, велосипед учиш билан ўтказади. Айниқса,Туркманбошининг бу йилги таътили дунё миқёсида катта шов-шувга сабаб бўлди. Бердимуҳамедовнинг 10 кундан ортиқ кўринмай қолиши ортидан "Арқадағ" вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Орадан бир неча кун ўтиб эса Бердимуҳамедов телевидениеда кўриниш берди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь