Сурхондарёнинг катта қисми газсиз қолди
Жамият
−
28 Декабрь 2023
8209Бугун, 28 декабрь куни Сурхондарё вилояти ҳудудидан ўтган “Музработ-Душанбе” магистрал газ қувурида авария юз бергани сабабли вилоятнинг кўплаб туманлари газ таъминотидан узилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Бандихон туманининг “Полвонтош” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “Музработ-Душанбе” магистрал газ қувурининг 101-190 км оралиғидаги Д-700 мм бўлган магистрал газ қувурида авария ҳолати юзага келган. Таъкидланишича, "Ҳудудгаз Сурхондарё" газ таъминоти филиали носозликни бартараф этиш ва табиий газ таъминотини тиклаш чораларини кўрмоқда. Шу муносабат билан соат 6:30 дан вилоятнинг қуйидаги шаҳар ва туманларидаги истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилган:
- Термиз шаҳри;
- Бандихон тумани;
- Қизириқ тумани;
- Музработ тумани;
- Термиз тумани;
- Жарқўрғон тумани;
- Ангор тумани;
- Шеробод тумани;
- Қумқўрғон тумани.
“Газ таъминоти филиали юзага келаётган ноқулайликлар учун барча табиий газ истеъмолчиларидан узр сўрайди ҳамда яқин вақтлар ичида таъминотни тиклаш бўйича тезкор чоралар кўрилаётганлигини маълум қилади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, авария ҳолатини бартараф этиш вақтида ҳайдовчилар учун қўшимча қулайлик яратиш ҳамда узун навбатлар ҳосил бўлишининг олдини олиш мақсадида Денов, Қумқўрғон, Сариосиё, Олтинсой, Шўрчи ва Узун туманларидаги айрим метан заправкалар 24 соатлик иш режимига ўтган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь