Сурхондарёдаги портлаш теракт бўлиши мумкинми?

3-саҳифа

image
0:00
0:00
download

Хабарингиз бор, бугун, 7 декабрь куни Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги савдо мажмуасида портлаш содир бўлди. Оқибатда 10 га яқин одам жароҳатланди. Ҳозиргача олинган маълумотларга кўра, вайроналар остидан икки кишининг жасади топилган. 

Хўш, Деновдаги савдо мажмуасида содир бўлган портлаш теракт бўлиши мумкинми? Мазкур ҳодиса бўйича алоҳида Ҳукумат комиссияси тузилиши, воқеа жойига Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовнинг етиб бориши ушбу тахминларни ўртага чиқармоқда. QALAMPIR.UZ ҳодиса теракт бўлиши мумкинми, деган савол билан Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовга юзланди. 

“Бизнинг гуруҳимиз эрталаб самолёт орқали воқеа жойига етиб борган. Бирламчи маълумотларга кўра, савдо мажмуасида техник хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаган. Барча техникалар воқеа жойига жалб қилинган ва ҳолат келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда. Ҳолат раҳбариятнинг назорати остида”, дейди Шоҳруҳ Ғиёсов. 

Айни вақтда воқеа жойида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги махсус гуруҳи ҳам қутқарув-текширув ишларини олиб бормоқда. Объектдан теракт эҳтимолини келтириб чиқарувчи ашёвий далиллар топилганми? Портлаш уюштирилган бўлиши мумкинми? Ушбу саволларга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот котиби Мурод Содиқовдан жавоб олишга ҳаракат қилдик. 

“Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш газ ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида содир бўлган. Теракт бўлгани ҳақида маълумотлар келиб тушмаган”, дейди Мурод Содиқов. 

Унинг қайд этишича, айни вақтда Ҳукумат комиссияси воқеа жойида бўлиб турибди. Ўрганиш ишлари давом этмоқда. Барча маълумотлар тўплангач, аниқ баёнот берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Денов

Баҳолаганлар

1926

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг