Сурхондарёда тез ёрдам шифокорлари электроскутерлардан фойдаланишни бошлади
Жамият
−
18 Май 2023
5729Сурхондарёда тез ёрдам шифокорлари синов тариқасида электроскутерлардан фойдаланишни бошлади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Келтирилишича, Республика тез тиббий ёрдам маркази Сурхондарё вилояти филиалига бир кунда ўртача 3000 дан зиёд чақириқ келиб тушади. Мурожаатларнинг аксарияти соат 17:00 дан тунги соат 01:00 га қадар бўлган вақт оралиғига тўғри келади.
Тиғиз пайтда беморларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида вилоят “Тез ёрдам” хизматида бу масалага инновацион ечим сифатида электроскутерлардан фойдаланиш йўлга қўйилди.
“Тўғри, улар замонавий “103” автомашиналари каби қулайликларга эга бўлмасада, тирбандликлар ва ҳаракатланиш қийин бўлган жойларда осон юра оладиган транспорт воситаси саналади. Бу эса шифокорларнинг белгиланган манзилга кечикмай етиб бориши ва оғир бўлмаган беморларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатишига хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, электроскутерларда махсус чемодан бўлиб, унда беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиши учун барча дори воситалари ва ускуналар мавжуд.
Таъкидланишича, чақирув бўйича борган фельдшер вазиятга қараб иш тутади. Агар беморнинг ҳолати қониқарли бўлса, унга ўзи ёрдам кўрсатади ва тавсияларини беради. Беморнинг аҳволи оғир бўлса, зудлик билан тез ёрдам бригадаси ёрдамга чақирилади.