Сурхондарёда собиқ мактаб директори ўзини ёқиб юборишга уринди (видео)
3-саҳифа
−
08 Ноябрь 12848 1 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги 39-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси ўзини бензин билан ёқиб юборишга урингани айтилган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу мактаб “Арпапоя” маҳалласида жойлашган бўлиб, у ерда 2010 йилдан жорий йилнинг 16 сентябригача З.А. директор лавозимида ишлаган. Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг жорий йил 16 сентябрдаги буйруғи билан З.А. билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ бекор қилинган.
Шундан сўнг, собиқ директор янги раҳбар фаолиятини бошлашига қаршилик кўрсатган. Жорий йилнинг 13 октябрь куни мактабда тайинлов ҳужжатлари топширилиши чоғида З.А. томонидан фаол қаршилик бўлган, бироқ ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Бошқарма қарорига кўра, 39-сонли мактаб раҳбарлигига тегишли тартибда Э.А. тайинланган. Бугунги кунда мактабда ўқув жараёни барқарор ҳолатда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ҳамда тумандаги 35-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори ўртасида жанжал содир бўлган эди. Бунга бўлим бошлиғи томонидан огоҳлантиришлар берилганида мудира камчиликларни тан олмагани сабаб бўлган.