Сурхондарёда пора олган мактаб директори 4 йилга “кесилди”
3-саҳифа
−
18 Апрель
6750Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ўқитувчидан 400 доллар пора олган мактаб директори 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Жарқўрғон тумани “Бобур” МФЙда яшовчи 46 ёшли фуқаро 2022 йилдан тумандаги 5-умумтаълим мактабида директор лавозимида ишлаб келган. У жорий йилнинг бошларида рус тили фани ўқитувчисига унинг дарс соатини қисқартирмоқчилигини айтади ва бунга мактабга янги ўқитувчи келганини сабаб сифатида кўрсатади. Шу орқали директор дарс соатларини қисқартирмаслик учун ўқитувчидан 400 доллар талаб қилади ва бу ҳақда турмуш ўртоғи ва қариндошларига айтмасликни уқтиради.
Шундан сўнг педагог тегишли идораларга мурожаат қилади. Мурожаатга асосан, жорий йилнинг 1 февраль куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда мактаб директори 400 доллар ҳисобида 5 млн 200 минг сўм олаётганда ашёвий далиллар билан ушланган.
Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман судининг 3 апрелдаги ҳукми билан мактаб директори Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, 2 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқи чекланган ва 4 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Ургут туманидаги мактаб директори гиёҳвандлик моддаларини сотиш фаолияти билан шуғулланиб келгани учун 10 йилга қамалганди.
LiveБарчаси