Сурхондарёда 2 йилга бормай қулаган кўприкни таъмирлашга 9,6 млрд сўм ажратилди

Жамият

image

Аввалроқ, Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида 6,5 миллиард сўмга қурилган давлат аҳамиятидаги кўприк 1 йил-у 7 ой хизмат қилганидан сўнг бир томони 1 метрга чўкиб, авариявий ҳолатга келиб қолгани ҳақида хабар берган эдик. Бу кўприк Олтинсой ва Бойсун туманларини боғлаб турарди.

2 йил ҳам хизмат қилмаган кўприкни таъмирлаш учун эса 9,6 млрд сўм маблағ йўналтирилган. Бу ҳақда Қумқўрғон тумани 340-йўл бўлими бошлиғи Ҳусан Раҳимов “Севимли” телеканалининг “Замон” ахборот дастурига маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, кўприкнинг бундай аҳволга келиб қолишига, кучли сел ва табиий ҳодисалар сабаб бўлган. Кўприкни “Bahrom Universal” МЧЖ қурган. 

Ҳозирда бошланган таъмирлаш ишларига эса янги кўприк қуриш учун ажратилгандан кўпроқ маблағ, яъни 9,6 млрд сўм йўналтирилган. Таъмирлашга Сурхондарёда яхши қурилиш тажрибасига эга МЧЖга топширилган.

Қумқўрғон тумани 340-йўл бўлими бошлиғи Ҳусан Раҳимов кўприкнинг бу ҳолатга келишини табиий офат билан баҳолади. Аммо кўприк қуриш вақтида шу табиат инжиқликлари нега ҳисобга олинмаган? Нега бутун бошли кўприкни қуриш 6,5 млрд сўмга тушади-ю борини таъмирлаш 9,6 млрд сўмга? Бу мантиққа тўғри келадими, ўзи?

Маълумот учун, Термиз транспорт прокуратураси томонидан мазкур ҳолат юзасидан ҳозирги кунда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Умид қиламизки, суриштирув натижасида барча саволларга жавоб берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

кўприк Қумқўрғон

Баҳолаганлар

187

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг