Сурхондарёда 6,5 млрдга қурилган кўприк 2 йилга бормай қулади
Жамият
−
02 Октябрь 2020
13184Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида 6,5 миллиард сўмга қурилган кўприк 1 йил-у 7 ойда қулаб тушганига оид видеолавҳалар тарқалганди. Ушбу кўприк қулаши вилоят прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, Қумқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи, давлат аҳамиятидаги 4р-105 “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” автомобиль йўлининг 76 километрида жойлашган, узунлиги 66 погонаметр бўлган “Полвонтош” селгаси устидаги кўприкнинг оралиқ таянч устунлари 1 метрга чўкиши ва устки плиталари қулаши натижасида кўприк яроқсиз ҳолатга келиб, ҳозирги кунда пиёдалар ва автомашиналар ҳаракати чекланган.
Мазкур ҳолат юзасидан “Сурхон қурулиш назорат ўлчов” МЧЖ ва вилоятавтомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси мутахассилари томонидан расмийлаштирилган далолатномага кўра, ўтказилган назорат ўлчовида пудратчи корхона томонидан ҳақиқатда бажарилган ишлар “Бажарилган ишларни тасдиқловчи счёт-фактура маълумотномаси”га (Форма-3) қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланмаган.
Лойиҳа смета ҳужжатларига нисбатан бажарилмаган ишлар хажми 34 млн. 491 минг 265 сўмни ташкил қилишини ва мавжуд пудратчи ва буюртмачи ўртасида имзоланган 2014 йил 21 апрелдаги 3/ТО-2014-сонли шартноманинг 3-қисми (пудратчининг мажбуриятлари) 4-банди пудратчи томонидан тўлиқ бажарилмаганлиги кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 14 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонлиФармони ижросини таъминлаш ҳамда 2020 йил 17 мартдаги Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар Дастурини тайёрлаш бўйича Республика Махсус комиссиясининг 01-14/1-234-рақамли 6-сонли йиғилиш баёнида “Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя этилишини” таъминлаш мақсадида омма ўртасида коронавирус касаллиги тарқалиб кетишини олдини олиш учун карантин эълон қилиниб, шахслар билан мулоқат қилиш вақтинчалик тўхтатилганлиги сабабли хар қандай тергов ҳаракатларини ўтказишнинг имкони йўқлиги, мазкур ҳолатни ойдинлаштириш учун бошқа шахслардан ва мутахассислардан хулоса олиш имконияти мавжуд бўлмаган.
Шу сабабли, 2020 йил 18 июнда Термиз транспорт прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Ушбу қарор 2020 йил 29 сентябрда Транспорт прокурори томонидан бекор қилиниб, ҳозирги кунда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.