Сурхондарёда 160 тупдан ортиқ дарахт ноқонуний кесилиши юзасидан БПга хат киритилди
Жамият
−
15 Сентябрь 2021
4179Кеча, 14 сентябрь куни сайтимизда “Мораторий фақат қоғоздами? Сурхондарёда 160 туп дарахт кесиб ташлангани айтилмоқда” номли мақола эълон қилинганди.
Мақолада Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида бир кечада 160 тупдан ортиқ тут дарахти қўпорилиб, ўрнида қурилиш бошлангани ҳақида сўз боради.
Мазкур хабарда келтирилган ҳолатлар юзасидан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси расмий муносабат билдирди. Қайд этилишича, мақола эълон қилиниши билан Сурхондарё вилоят “Агропилла” МЧЖ раҳбари Ш.Чориев бошчилигида ишчи гуруҳи тузилиб, масъул ходимлар мазкур ҳолатни ўрганиш учун воқеа жойига юборилган.
Маълум бўлишича, Сурхондарё вилоятининг Шўрчи тумани Ободон ҳудуди, Термиз – Душанбе халқаро йўли ёнида 4 гектарлик тутзор орасидан 160 донадан ортиқ тут дарахти бир кечада 13 сентябрдан 14 сентябрга ўтар кечаси номаълум фуқаролар томонидан кесиб, томири билан қўпориб олинган.
Тут дарахтларининг ўрнида эрта тонгдан қурилиш ишлари бошланган. Узунлиги 40 метр, энига 18 метр бўлган йирик бинонинг пойдевори қурилишида 8-10 нафар киши ишлаётгани аниқланган.
“Ҳолат юзасидан Ишчи гуруҳи томонидан тегишли тартибда далолатнома, тузилиб, “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига тақдим этилди. Далолатномага кўра, Шўрчи туман Кадастр агентлиги ушбу ҳудуд ҳақиқатан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тизимидаги “Шўрчи Тайёрлов Агропилла” МЧЖнинг балансида эканлигини тасдиқлагани кўрсатилган”, дейилади уюшма муносабатида.
Маълум бўлишича, ушбу ҳудудда қурилиш ишларини бошлаган “Олтин учбурчак” лойиҳаси раҳбари Дилором Ўроловага Шўрчи тумани ҳокимининг 2021 йил 8 апрелдаги Қ-708-сон қарори билан автобус бекати ва санитария-гигеник (маиший хизмат кўрсатиш) шаҳобчаси қуриш учун ажратиб берилган.
Қарорда Сурхондарё вилоятининг Шўрчи тумани Ободон ҳудудидаги тутзор майдоннинг “Шўрчи Тайёрлов Агропилла” МЧЖ томонидан Шўрчи тумани ҳокимлиги балансига “Шўрчи Тайёрлов Агропилла” МЧЖнинг 2021 йил 29 мартдаги 02-17-01/2209-сонли хатига асосан қайтарилгани кўрсатилган.
Қайд этилишича, ишчи гуруҳи томонидан жараён ўрганилганида “Шўрчи Тайёрлов Агропилла” МЧЖ томонидан ушбу тутзорнинг Шўрчи тумани ҳокимлиги балансига қайтарилиши тўғрисида ҳеч қандай хат чиқарилмагани маълум бўлган.
”Ўзбекипаксаноат” уюшмаси Ишчи гуруҳининг ўрганиш хулосалари асосида Шўрчи тумани прокурорига билдириш хати билан чиқилгани ва ҳудудда қурилиш ишлари тўлиқ тўхтатилганини маълум қилган.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси олинган хулосалар асосида ушбу ноқонуний қилинган хатти-ҳаракатлар юзасидан суриштирув олиб бориш ва ушбу жиноятнинг асл сабабчиларини аниқлашда ва уларга Ўзбекистон Республикаси Қонунларида кўрсатилган тартибда чора кўришларини сўраб, 2021 йил 14 сентябрь куни ўрнатилган тартибда Ўзбекистон республикаси Бош прокуратураси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни мухофаза қилиш давлат қўмитасига хат киритилганлигини маълум қиламиз”, дейилади муносабатда.