Мораторий фақат қоғоздами? Сурхондарёда 160 туп дарахт кесиб ташлангани айтилмоқда (фото)
Жамият
−
14 Сентябрь 2021
6515QALAMPIR.UZ таҳририятига келиб тушган маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида 160 тупдан ортиқ тут дарахти қўпорилиб, ўрнида қурилиш бошланган.
Маълумотга кўра, 13 сентябрдан 14 сентябрга ўтар кечаси туманнинг Ободон ҳудуди, Термиз – Душанбе халқаро йўли ёнида 4 гектарлик тутзор орасидан 160 донадан ортиқ тут дарахти кесиб, томири билан қўпориб олинган.
Сайтимиз фойдаланувчиси юборган расмларга кўра, тут дарахтларининг ўрнида бугун, 14 сентябрь эрта тонгдан қурилиш ишлари бошланган. Узунлиги 40 метр бўлган йирик бинонинг пойдевори қурилишида 8-10 нафар киши ишлаяпти.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Президентининг “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача мораторий жорий этилган.
Шундан сўнг, “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармони билан дарахт кесиш учун мораторий 2021 йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилганди.
Бироқ, мамлакатда Президент фармонига қарамай, мамлакатда дарахтлар қирғини тугамаяпти. Бундан бир неча кун олдин Тошкентнинг Миробод туманида 51 та кўп йиллик дарахтни қуриган, деб ҳисобланиб кесиш бошланганди.
LiveБарчаси