Мирободда кесилган дарахтлар ростан ҳам қуриганмиди?
Жамият
−
09 Сентябрь 2021
5584Кеча, 8 сентябрь куни QALAMPIR.UZ’га Миробод туманининг Чимкент кўчасида кўп йиллик соғлом дарахтлар кесиб ташланаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаат асосида QALAMPIR.UZ жамоаси воқеа жойига етиб борди ва ҳақиқатан ҳам дарахтлар кесилаётганига гувоҳ бўлди.
Кесилган дарахтлар ёнида тасвирга олиш ишларини бошлашимиз билан воқеа жойига Тошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспектори Мирсобит Ғуломов ва Экологик партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши раиси Севара Файзиева етиб келди.
Улардан дарахтлар нима сабаб кесилаётгани ҳақида сўрадик. Ҳолбуки, Президент топшириғига кўра, дарахтларни кесиш бўйича мораторий 2024 йилга қадар узайтирилганди ва жавобгарлик кескин кучайтирилганди.
Ғуломов сўзимизни тасдиқлар экан, мазкур мораторийда истисно ҳолатлар ҳам борлиги, қачонки дарахт қуриб, фуқаролар учун ижтимоий хавф туғдирса, уларни кесиш учун рухсат берилишини айтди. У Чимкент кўчасидаги дарахтни кесиш бўйича ҳеч қандай ноқонуний ҳолат мавжуд эмаслигини таъкидларкан, қўлида етарлича асослари борлигини ҳам маълум қилди.
У тақдим этган ҳужжатда жорий йилнинг 8 июль куни Миробод тумани Ободонлаштириш бошқармаси томонидан туман ҳокимлигига 33571109-сонли мурожаат хати киритилгани ва мазкур мурожаат юзасидан ҳокимлик жавоб хати йўллагани, унда эса Тошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 1679-сонли хулосасига асосан 9 дона сафаро, 3 дона шумтол, 3 дона заранг, 1 дона ўрик, 24 дона чинор, 6 дона қайрағоч ва 5 дона терак, умумий ҳисобда 51 дона дарахтнинг кесилишига туман ҳокимлигининг эътирози йўқлиги маълум қилинган. Мазкур ҳужжатни эса Миробод туман ҳокимининг ўринбосари Санжархон Саидов имзолаган.
Тошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш юзасидан 1679-сонли хулосасида кесилиши белгиланган дарахтларнинг ҳолати табиий омиллар таъсирида кучли зарарлангани, касаллангани, қуригани, шунингдек инсонлар ҳаёти ва соғлиғига ҳамда мол-мулкига таҳдид солаётгани айтилган. Ушбу расмий хулоса мактубига эса бошқарманинг Биохилмахиллик масалалари бўлими бошлиғи О.Қосимов, бошқарма бошлиғи О.Мақсудов имзо чеккан.
Инспектор Ғуломов дарахтлар айнан шу ҳужжатлар асосида кесилаётганини айтаркан, уларда ҳаёт нишонаси қолмаганини ҳам қўшимча қилди.
“Бу дарахтлар кесилишидан олдин унинг ҳолати ўрганилган ва хулоса берилган. Ҳали соғлом ва яшаб турган дарахтларимизни эса ҳеч кимга кесиш учун бериб қўймаймиз ва бунга йўл ҳам қўймаймиз.
Ҳозир мазкур кесилган дарахт ростан ҳам қуриганмиди, деган савол беришяпти. Бу дарахт қуриган ёки қуримаганлигини олдинроқ туширилган фото ва видеолардан ҳам билиб олиш қийин эмас. Дарахтнинг юқори қисми бўлмаган ва зарарланиб, қуриш ҳолатига келиб қолган. Шунинг учун ҳам уларни кесиш учун рухсат берилган. Дарахтларни ўзимиз кўздан кечириб чиққанмиз ва ҳеч қандай кўкариб кетиш эҳтимолини кўрмаганмиз”, дейди Мирсобит Ғуломов.
Мутахассис билан кечаётган суҳбат жараёнини бевосита четдан кузатиб турган фуқаро юқорида айтилган гаплар ёлғон эканини, ушбу кесилган дарахтда ҳали ҳам ҳаёт нишонаси мавжудлигини айтиб, мулоқотга қўшилди.
Бу орада эса Ғуломов бизга воқеа жойидан кетмаслигимизни, тез орада бир қатор мутахассислар келишини, дарахт ҳақиқатан ҳам носоғломмиди, қабилидаги саволларимизга улардан ҳам жавоб олишимиз мумкинлигини айтди. Орадан кўп ўтмай, Экологик партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши раиси Севара Файзиева етиб келди ва ҳолат юзасидан ўз фикрини билдирди.
“Маълум бўлишича, бу 50-60 йиллик чинор дарахти бўлган. Дарахт қуриб қолгани ва инсонлар учун хавф туғдириши мумкинлиги учун ҳам уни кесиш бўйича Экология қўмитасидан рухсат олинган.
Ҳозир бу ерга келиб фуқароларни эшитганимизда, уларнинг айримлари бу дарахтнинг қуримагани, ҳаёт учун ҳеч қандай хавф туғдирмагани айтса, бошқалари эса дарахт қуриб қолганини таъкидламоқда. Мен мутахассис ва партия вакили сифатида ҳолатни ўрганиб чиқяпман. Aйни дамда бу ерга дарахтлар бўйича мутахассис – дендрологни таклиф қилганмиз. У ҳам дарахтнинг ҳолатини ўрганиб чиқади ва ростан ҳам қуриган ёки қуримагани бўйича якуний хулосалар беради”, дейди Севара Файзиева.
У сўзида давом этаркан, айнан шу кўчадаги фуқароларнинг машинаси устига шу каби қуриган дарахтларнинг синган шохлари кучли шамол натижасида бир неча марта тушиб кетганини таъкидлади.
Aкадемик Ф.Н. Русанов номидаги Тошкент ботаника боғи директор ўринбосари, дендролог Собит Носиров мазкур кесилган дарахт бўйича ўзининг якуний хулосаси қуйидагича:
"Дарахтнинг 70-80 фоизи қуриган ва анча энгашиб қолган ҳолатда бўлган. Танасида ҳеч қандай барглари бўлмаган. Кўриниб турибдики, танасида ёриқлар ҳам бо ва аллақачон сув қочиб бўлган. Тўғри, ўзак қисмида озроқ намлик қолган, лекин бу ҳеч нарсани англатмайди. Aслида, чинор анча йил яшайди, бироқ бу дарахт табиий омиллар таъсирида қуриган.
Тана қисмида ҳар хил ҳашаротлар ин қургани кўриниб турибди. Бу эса дарахтнинг емирилишига олиб келган. Тўнка қисмини уриб кўрганимизда, ундан тўққиллаган овоз чиқяпти. Соғлом ва ҳали қуримаган дарахт тўнкасидан бундай овоз чиқмайди. Дарахтда ичидан чириш ҳолати ҳам бор. Aгар, ушбу дарахт кесилмаганда, кимнингдир устига қулаб тушиш эҳтимоли юқори эди".
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг биринчи чорагида дарахт ва буталарни ноқонуний тарзда кесиш билан боғлиқ 2 минг 597 та ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлиб, бу ҳуқуқбузарликлар оқибатида табиатга 6,7 млрд сўм зарар етказилган. Бугунги кунда эса мазкур рақамлар ўсса ўсяптики, аммо камайгани йўқ.
LiveБарчаси