Сурхондарёда 14,5 млрд субсидия сифатида “туя қилингани” аниқланди
3-саҳифа
−
04 Август 2022
6942Сурхондарё вилоятида 14,5 млрд сўм субсидия маблағлари ноқонуний ажратилгани аниқланди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Президентнинг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан 2021 йилда Шўрчи туманидаги кластерга қарашли 1376 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш вазифаси маҳаллий таъминотчи корхона зиммасига юклатилган.
Ўз навбатида таъминотчи корхона 142,7 гектардаги пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган ва унга кетган харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш бўйича Шўрчи тумани ишчи комиссияси томонидан хулоса тузилиб, Аму-Cурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига тақдим этилган.
Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мансабдор шахслари эса амалда 142,7 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган бўлса-да, унга яна қўшимча равишда 993 гектарда томчилатиб суғориш технологиясининг қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланиб, ишга туширилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузиб, давлат бюджетидан кластерга 6 млрд 747 млн 400 минг сўм миқдоридаги субсидия маблағлари ажратилишига эришган.
Ҳозирда ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан Аму-Cурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Бундай ҳолат Қумқўрғон туманида ҳам аниқланиб, маҳаллий кластерга қарашли 2000 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш кўзда тутилган ва бу ҳам айнан юқорида тилга олинган таъминотчи корхонага юклатилган.
Қумқўрғон тумани ирригация бўлими бошлиғи ва бошқа манфаатдор шахслар ўзаро тил бириктириб, 2021 йилда 1143 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинмаган бўлса-да, шунча майдонга томчилатиб суғориш технологиясининг қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланиб, ишга туширилгани ҳақида сохта хулосалар тузиш орқали кластерга 7 млрд 772 млн 400 минг сўм миқдоридаги субсидия маблағлари ажратилишига эришган.
Ҳозирда ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан Қумқўрғон тумани ирригация бўлими бошлиғи ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси