Сурхондарё ва Бухорода 51 минг туп дарахт кесиладими? Ниҳоят Экопартиядан “садо чиқди”

Жамият

image

Кеча, 27 июль куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари ҳудудида қурилиши режалаштирилган халқаро автомобиль йўли лойиҳаси учун 70 мингга яқин дарахт кесилиши тарқалган эди.

 Жумладан, Сурхондарё вилояти ҳудудида 21,8 минг, Бухорода эса 28,9 минг дарахтнинг кесилиши режалаштирилгани айтилаётганди.

Журналист ва блогерлар томонидан кўтарилган мазкур дарахткушлик мавзуси кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. Ниҳоят, жамоатчилик эътибор қаратган ушбу масалага Ўзбекистон Экологик партияси ҳам ўз муносабатини билдирди. 

“Ўзбекистон Экологик партияси мавжуд ҳолатни тўла ўрганиб чиқиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, олим ва мутахассиларни жалб қилган ҳолда ҳудудга жўнаб кетишди.

Биз ўрганиш натижалари бўйича жамоатчилигимизни ҳамда экофаолларимизни албатта хабардор қиламиз. Дарахтларни сақлаб қолиш, атроф-муҳитимизга хавф соладиган барча ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриш бўйича давлат органларига ўз таклифларимизни берамиз ва назоратимизга оламиз”, дейилади матбуот хизмати маълумотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятидаги Катта Андижон канали қирғоғида ўсиб турган 1213 туп дарахт январь-февраль ойларида кесиб ташлангани, бунинг оқибатида табиатга 4,6 млрд сўм зарар етказилгани аниқланганди. Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё Бухоро дарахт дарахт кесилиши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг