Сурхондарё ва Бухорода 51 минг дарахтни нобуд қиладиган йўл лойиҳаси ўзгартириладиган бўлди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари ҳудудида қурилиши режалаштирилган халқаро автомобиль йўли лойиҳаси учун 70 мингга яқин дарахт кесилиши ҳақида хабар тарқалган эди. Жумладан, Сурхондарё вилояти ҳудудида 21,8 минг, Бухорода эса 28,9 минг дарахтнинг кесилиши режалаштирилгани айтилаётганди. Ушбу эътирозларга сабаб бўлган йўл лойиҳаси ўзгартириладиган бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экологик партияси маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Экологик партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев бошчилигидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, олим ва мутахассилардан иборат ишчи гуруҳ Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида дарахт кесилиши билан боғлиқ ҳолатни ўрганиш бўйича ҳудудларга борган.

Ишчи гуруҳ томонидан мамлакатдаги бугунги экологик ҳолат инобатга олиниб ҳамда жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган ушбу лойиҳани соҳа мутахассислари иштирокида ўзгартириш ва дарахтларга зарар етказмаслик бўйича мазкур автомобиль йўлини реконструкция қилаётган пудратчи ташкилот мутасаддиларига таклифлар берилган.

“Ўзбекистон экологик партияси ҳар қандай қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда ўсимлик дунёсига зарар етказишни кескин қоралаган ҳолда жамоатчилик вакилларига ўз миннатдорчилигини билдириб, барча фуқароларимизни она табиатни асраб-авайлашдек эзгу ишларда ҳамкорликка чақириб қолади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятидаги Катта Андижон канали қирғоғида ўсиб турган 1213 туп дарахт январь-февраль ойларида кесиб ташлангани, бунинг оқибатида табиатга 4,6 млрд сўм зарар етказилгани аниқланганди. Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё Бухоро йўл лойиҳаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг