Суриядаги террорчиларга ҳомийлик қилган наманганлик эркак ва унинг яқинлари қўлга олинди
Жамият
−
23 Август 2020
18983Наманганда Суриядаги диний-экстремистик гуруҳлар таъсирига тушиб қолган, уларни ҳам маънан, ҳам моддий қўллаб-қувватлаган, қолаверса, ўғли, жияни ва синфдошини ушбу оқимлар сафига етаклаган 55 яшар эркак ва унинг гуруҳдошлари қўлга олинди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалида хабар қилинди.
Наманган вилояти Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси ва Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида олиб борилган тезкор тадбир натижасида Наманган шаҳрида “Жиҳодчилар” экстремистик оқим ғояларини қўллаб-қувватлаб, яширин вертуал жамоат тузган бир гуруҳ фуқаролар қўлга олинди.
Асли косибчилик билан шуғулланган, Наманган шаҳрида яшаган 1965 йилда туғилган эркак Facebook’даги ўзининг исм-шарифи билан номланган профил орқали 2019 йил ноябрь – 2020 йил май ойлари давомида Абу Салоҳ, Солиҳ Самарқандий ва бошқа диний-экстремистик оқим вакилларининг ҳижрат ва жиҳодга чорловчи диний материалларини ижтимоий тармоқ орқали тарқатиб, тарғиб қилган. Бу ҳам етмагандек, Суриядаги жангларда фаол қатнашаётган жангарилар билан доимий виртуал алоқа боғлаб, уларни қўллаб-қувватлаш учун Россия давлатида экстремистик оқим аъзолари бўлган танишлари орқали гумашталарига бир неча марта пул маблағлари жўнатиб келган.
“Интернетга қизиқиб, Facebook очиб, шу орқали Суриядаги бир неча биродарлар билан танишиб қолдим. Улар билан фикр алмашдим. Улар ҳолатини ачинарли қилиб таништирди. Россиядаги танишим орқали “Яндекс-денги”дан 4 маротаба ўша ердаги жангари террористик ташкилотга пул жўнатдим”, дейди айбланувчи.
Фуқаро ноқонуний ҳаракатини давом эттирган ҳолда, бошқаларни ҳам бу каби разил ҳаракатларга жалб этиш мақсадида 25 ёшга кирган ўғли, жияни, танишлари ва синфдошини ҳам йўлдан уриб, ўз виртуал гуруҳига қўшган. Шу тарзда Ўзбекистонда тақиқланган диний-эксремистик оқимларнинг жиҳод, ҳижратни тарғиб қилувчи, инсонларни қабиҳликка, хунрезликка етакловчи аудио ва видео материаллар, Суриядаги жангарилар томонидан юборилган террорчиларнинг ваҳшийликлари акс эттирилган видео лавҳаларни Telegram тармоғи орқали мунтазам равишда тарқатиб келган. Виртуал гуруҳ азолари бўлган бир гуруҳ шериклари эса уларни кўриш билан бирга, бошқаларга ҳам тарқатишга улгуришган.
“Синфдошим флешка берди. Флешкада Солиҳ Самарқандий, Абдуллоҳ Зуфарларнинг маърузалари бор эди. Кейин телефонимга Telegram ва IMO орқали маърузаларни жўнатди. Улар асосан ҳижрат ва жиҳод ҳақидаги маърузалар эди. Шуларни орасида Суриядаги урушдан видеороликлар, расмлар ҳам келди”, дейди гуруҳ аъзоси.
Виртуал гуруҳ асосчисининг ўғли ҳам отаси берган видео ва аудиоларни интернетда тарқатишда фаол бўлган. У шундай дейди:
“Мен Солиҳ Самарқандий, Абдуллоҳ домланинг экстремистик мазмундаги маърузаларини тинглаб, таниш-билишларимга жўнатганман. Бунинг ноқонуний эканини англаб етдим”.
Виртуал гуруҳнинг фаолияти узоққа чўзилмади. Тезкор тадбир давомида диний экстремизм, террорчиликни тарғиб қилишга уринган гуруҳ қўлга олинди. Уларнинг яшаш манзилида ўтказилган тинтув ҳаракатлари натижасида 7 та телефон, 80 хилдаги DVD ва CD дисклар, икки дона микрочип ва икки дона флеш-карта, бир дона китоб ва бир дона араб ёзувлари ёзилган дафтарлар ашёвий далиллар сифатида олинди.
Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.