Сурияда Асад тарафдорлари ва янги ҳукумат кучлари тўқнашди (видео)

Олам

image

Сурия янги ҳукуматининг хавфсизлик хизмати ходимларидан камида 13 нафари собиқ президент Башар Асад тарафдорлари ва қўшинлари билан тўқнашувлар оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Тўқнашувлар Сурия ғарбидаги Жабла шаҳрида содир бўлган. Нашрнинг ёзишича, бу шаҳар Асад ва унинг оиласининг мансуб бўлган алавийлар жамоасининг яшаш жойи ҳисобланади.

“Sky News Arabia”га кўра, Сурия хавфсизлик кучлари кеча, 6 март куни Асад даврининг махсус бўлинмалари собиқ командири Суҳел аль-Ҳасанга алоқадор қуролли гуруҳлар билан ғарбий ҳудудда жанглар олиб бораётганини хабар қилган.

Латакия вилоятининг жамоат хавфсизлиги бошқармаси директори Мустафа Кнефати “Асад қўшинларининг қолдиқлари” олдиндан режалаштирилган ва мақсадли ҳужумларни амалга оширганини, улар хавфсизлик кучлари назорат пунктларига ва патрулларга ҳужум қилиб, кўплаб аскарларнинг ўлимига ва жароҳатланишига олиб келганини айтган.

“Reuters”нинг ёзишича, ҳозирги тўқнашувлар 2024 йил декабрида ҳокимиятга келган янги ҳукумат учун юзага келган “энг шиддатли зўравонликлар”дан бири ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрь ойида Сурия собиқ президенти Башар Асадга қарши мухолифат кучлар Дамашққа кириб, мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритганди. Башар Асад эса Россиядан бошпана олиб, мамлакатни тарк этган. Асадга қарши кучлар Аҳмад аш-Шара раҳбарияти остида бирлашди. Унинг ўзи эса Сурия ўтиш даври президенти этиб тайинланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Башар Асад Аҳмад аш-Шара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг