Сурия Туркияга ўз ҳудудидан ҳарбий база бериши мумкин – ОАВ
Олам
−
05 Февраль
1922Туркия Суриянинг марказий қисмида ҳарбий авиабазалар ташкил қилиши мумкин. Вариант сифатида Пальмира яқинидаги ҳарбий аэродром ҳамда Тияс қишлоғи яқинидаги Т4 авиабазаси кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда кеча, 4 февраль куни Сурия ва Туркия ҳукуматларидаги манбаларига таяниб, “Reuters” ва Мисрнинг “Mada Masr” портали хабар берди.
Худди шу куни Суриянинг янги етакчиси Аҳмад аш-Шара Анқарага бориб, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашганди. Аш-Шара икки давлат “минтақадаги хавфсизлик таҳдидларига қарши кураш“ ва “стратегик шериклик ўрнатиш” бўйича ҳамкорлик қилаётганини таъкидлаган.
Туркия етакчиси учрашувда шимолий-шарқий Суриядаги курд ҳарбий тузилмалари билан биргаликда кураш олиб бориш ҳамда Исроил армиясини Жўлон тепаликлари ҳудудидан олиб чиқиш масаласи муҳокама қилинганини билдирган. Музокаралар якунида ҳеч қандай битим имзоланмаган.
Учрашувдан олдин бир қатор ОАВ икки томон мудофаа пакти устида ишлаётганини ва у Туркия томонидан ҳарбий базалар ташкил этилиши ҳамда Суриянинг ҳарбий хизматчилари тайёргарлигига доир бандларни ўз ичига олишини ёзган эди. “Mada Masr” нашрининг Сурия хавфсизлик кучларидаги манбасига кўра, Туркия авиабазалар ва ҳаво мудофаа тизимларини яратиш устида ишламоқда ва тез орада Сурия билан ўзаро мудофаа бўйича шартнома имзолаши мумкин. Бу Туркияга Сурия ҳаво ҳудудидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш имкониятини беради.
Манбага кўра, базалар Тияс ва Пальмира ҳудудларида жойлаштирилиши мумкин. Иккала аҳоли пункти ҳам мамлакат марказидаги Ҳомс вилоятида жойлашган бўлиб, бир-биридан 60 км узоқликда ўрин олган. Ҳозирда ушбу ҳарбий объектлар Сурия ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли.
“Al Jazeera” телеканалига кўра, Туркия аллақачон Суриянинг шимолий қисмида, давлат чегараси яқинида ҳарбий базаларга эга. Улар мамлакатни курд тузилмалари таҳдидидан ҳимоя қилиш учун ташкил этилган. Канал мухбири Аш-Шара ва Эрдўған ўртасидаги музокараларни ёритаркан, улар янги мудофаа пактини муҳокама қилганини билдирган.
“Улар янги ҳарбий базалар ҳақида гапиряпти. Уларнинг жойлашуви ҳозирча номаълум”, дейди журналист.
Музокаралар арафасида “Reuters” ҳам манбаларга таяниб, Анқара ва Дамашқ мудофаа пакти устида ишлаётганини ва бу келишув Туркиянинг Сурия ҳудудида иккита янги авиабаза яратиши, ҳарбий мақсадларда Сурия ҳаво ҳудудидан фойдаланиши ҳамда янги Сурия армиясини тайёрлашда етакчи роль ўйнашини назарда тутиши мумкинлигини хабар қилган.
“Reuters” хабарида янги базалар аниқ қаерда жойлашиши ҳақида маълумот берилмаган, бироқ улар Суриянинг чўл ҳудуди – Бадиятда пайдо бўлиши мумкинлиги айтилган. Айнан шу ҳудудда Тияс ва Пальмира жойлашган.
Кейинчалик “Reuters”нинг минтақадаги разведка хизматларидан биридаги манбаси Пальмира ва Тияс базаларининг жойлашув эҳтимолини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, Анқара бу ҳудудларда курдларга қарши кураш олиб бориш учун таянч нуқталар яратмоқчи. Манба, шунингдек, ҳозирча мудофаа пакти имзоланмаганини ҳам тасдиқлаган.
Маълумот учун, жорий йил 3 февраль куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов Суриядаги Россия базаларининг келажакдаги тақдири бўйича қўшимча музокаралар зарурлигини билдирган. Москва ҳали ҳам Тартус портидаги ҳарбий-денгиз базаси ҳамда Латакия шаҳри яқинидаги авиабазани сақлаб турибди. Уларнинг иккаласи ҳам Ўртаер денгизи соҳилида, Тияс ва Пальмира ҳудудларидан 150 км узоқликда жойлашган.
Бироқ олдинроқ Туркияга ўтиши мумкин бўлган базаларда ҳам Россиянинг ҳарбий иштироки кузатилган. Россия авиацияси илгари Тияс базасидан “учиш аэродроми” сифатида фойдаланган. У ерда, шунингдек, Эрон билан боғлиқ ҳарбий гуруҳлар жойлашган. 2016 йилда “Associated Press” агентлиги Россия ҳарбийлари Пальмира аэродромини қайта жиҳозлашга урингани ҳақида хабар берган. Бироқ у ерда тўлиқ ҳуқуқли ҳарбий база ташкил этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тияс ва Пальмира ҳудудларидаги иккита янги базада Туркия ҳарбий-ҳаво кучларининг 50 тагача F-16 қирувчи самолёти жойлаштирилиши мумкинлиги хабар қилинганди.
LiveБарчаси