Супер ўрта вазнда мутлақ чемпионлик жанги: Канело-Плантга қарши рингга чиқади

Спорт 2528
image

Профессионал бокснинг супер ўрта вазн тоифасида WВC, WВА ва WВО йўналишларининг чемпиони мексикалик Сауль Альварес жорий йилнинг ноябрь ойида мутлақ Жаҳон чемпионлиги учун IBF олтин камари соҳиби америкалик Калеб Плантга қарши жанг ўтказади. Бу ҳақда Альвареснинг промоутери Эдди Хирн маълум қилди. 

“Жанг учун расман шартнома имзоланмади, лекин бу баҳс, албатта бўлади. Канело бунинг учун ҳамма нарсага тайёр. Ўйлашимча, Плант ҳам шуни хоҳлайди. Катта эҳтимол билан жанг ноябрь ойида ўтказилади”, дейди Хирн.

Вазн тоифасидан қатъи назар дунёнинг энг кучли боксчиси ҳисобланган Сауль Альварес фаолияти давомида 59 марта рингга кўтарилиб, 56 тасида рақибларини мағлаб этган. Ягона мағлубиятини Флойд Мейвейзердан қабул қилиб олган. Икки бор дуранг натижа қайд этган. Калеб Плант эса 21 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган.

Эслатиб ўтамиз, Канело сўнгги бор жорий йилнинг 8 май куни британиялик Билли Жо Сондерсни нокаутга учратиб, WBO чемпионлик камарини қўлга киритди. Калеб Плант жорий йил 31 январь куни 3-марта ўзининг IBF камарини ҳимоя қилган ва америкалик Калеб Труэксни очколар ҳисобига кўра мағлуб этган.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 43
Рейтинг: 2.8
t
×