Сунак хотинини деб терговга тортилди
Олам
−
17 Апрель 2023
21269Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак манфаатлар тўқнашувида муваффақиятсизликка учрагани учун парламентнинг назорат органи томонидан терговга тортилди. Бу ҳақда “Independent” нашри хабар берди.
Сунак рафиқаси Акшата Муртига тегишли бўлган болалар боғчаси бюджетдаги сиёсат ўзгаришларидан фойда кўраётгани аниқлангач, кўплаб саволлар остида қолди. Бош вазир ўтган ой парламент қўмитасида болаларга ғамхўрлик қилиш бўйича ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, хотинининг шу соҳадаги манфаатлари ҳақида лом-мим демаган.
Парламентнинг стандартлар бўйича комиссари эса бугун, 17 апрель куни Бош вазир манфаатдорлигини эълон қилмагани сабабли текширилаётганини айтган.
Таъкидлаш жоизки, олдин ҳам Акшата Муртининг молиявий ва бизнес манфаатлари эрига сиёсий муаммо келтириб чиқарган. Юзлаб миллион фунт стерлингга эга меросхўр ва корхона сармоядори бўлган Акшата Мурти нон-дом мақомидан фойдаланиб солиқдан қочгани учун танқид қилинган. Катта шов-шувлардан сўнг Бош вазирнинг рафиқаси мақомидан воз кечган.
Маълумот учун, нон-дом солиқ ҳолатининг тавсифи бўлиб, бундай статусга эга шахс фақат Буюк Британияда ишлаб топган пули учун давлатга солиқ тўлайди, лекин дунёнинг бошқа жойларида олган даромади учун Буюк Британияга солиқ тўлаши шарт эмас. Бу бойларга маблағларини сезиларли даражада ва бутунлай қонуний тарзда тежаш имконини тақдим этади.
LiveБарчаси