Сунъий интеллект ядро урушини қўзғаши мумкин – NYT

Технология

image

АҚШ Миллий хавфсизлик хизмати расмийлари сунъий интеллект урушлар, киберможаролар ва энг ёмон ҳолатда ядро урушининг келиб чиқишига сабаб бўлишидан огоҳлантирмоқда. Бу ҳақда “The New York Times” мақоласида ҳикоя қилинади

Қайд этилишича, Жо Байден ўтган йилнинг октябрь ойида Хитойга илғор компьютер чипларини сотишга қатиъий чекловлар жорий қилганида яширин мақсад – қурол назоратини кўзлаган. Бунда Хитой армияси чипларни ололмаса, сунъий интеллект томонидан бошқарилувчи қуроллар ишлаб чиқарилиши секинлашади. Бу эса Оқ уй ва бутун дунё учун сенсорлар, ракеталар ва киберқуролларда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича баъзи қоидаларни белгилаш ва бундай қуроллардан ҳимояланишни ўзлаштириш учун вақт беради. 

Сунъий интеллект хавфидан охирги пайтларда Пентагон расмийлари ҳам огоҳлантира бошлади. Масалан, АҚШ Мудофаа вазирлигининг бош ахборот ходими Жон Шерман 2 май куни AFCEA нотижорат ташкилоти томонидан ўтказилган TechNet Cyber тадбирида нутқ сўзлади ва баъзи таниқли шахсларнинг сунъий интеллект бўйича тадқиқотларни 6 ойга тўхтатиб туриш юзасидан чақириқларига қарши чиқиб, ушбу технология бўйича пауза қилиш чет элдаги рақобатчилар, хусусан, Россия ва Хитой ўзининг сунъий интеллект бўйича ташаббусларини илгари суришда давом этиши ва бу жабҳада АҚШдан ўзиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди. 

“Баъзилар олти ойлик пауза ҳақида баҳслашди. Шахсан мен буни ёқламайман. Биз тўхтасак, кимлар тўхтамаслиги мумкинлигини тахмин қилиб кўринг: хориждаги потенциал душманлар. Биз ҳаракат қилишда давом этишимиз керак”, дейди у. 

Бундай баёнотлар мудофаа жамиятида юзага келган кескинликни ифодалайди. Қуролларни ишлаб чиқариш ва назорат қилиш ҳақида гап кетганда янги технологиялар нималарга қодирлиги ҳамда қурол назоратини қандай олиб бориш ҳақида ҳеч ким аниқ билмайди. 

Генри Киссинжер билан биргаликда геосиёсатни ривожлантиришда сунъий интеллектнинг имкониятлари ҳақида туркум мақола ва китоблар ёзган Эрик Шмидтнинг айтишича, мудофаа саноатида ҳозирги вақтда сунъий интеллект хавфсизлик қоидалари қандай бўлиши кераклиги ҳақида бир қатор норасмий суҳбатлар бўлиб ўтмоқда. 

Ҳозирги вақтда баъзи қуроллар аллақачон сунъий интеллектда ишлайди. Масалан, ҳимоя ҳудудига кирган ракета ва самолётларни уриб туширувчи Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари узоқ вақтдан буён автоматик режимда ишлайди.

Эроннинг нуфузли  ядро олими Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши эса Mossad'нинг сунъий интеллектга таянувчи автоном пулемёти томонидан амалга оширилган.


Россия яқинда ишлаб чиққанини эълон қилган Посейдон денгиз ости ядро торпедаси айтилган таърифларга мос бўлса, океан бўйлаб бир неча кун ичида ракетага қарши мавжуд мудофаа воситаларидан автоматик тарзда қочиб ўтиши мумкин.  

Ҳозирча бундай қуроллар билан боғиқ келишувлар ёки халқаро шартномалар мавжуд эмас. Бироқ, таҳлиллар бундай келишувларнинг истиқболи ҳам ишончли бўлмаслигини кўрсатмоқда. 

Ҳарбий соҳада сунъий интеллектдан фойдаланиш инсон имкониятидан кўра тезкорроқ қарорларга нисбатан қаршилик кўрсатишни қийинлаштиради. 

“Ҳарбий ва миллий хавфсизликдаги сунъий интеллект билан боғлиқ асосий муаммо - бу инсон қарорларини қабул қилишдан кўра тезроқ ҳужумлардан қандай ҳимояланишдир ва менимча, бу муаммо ҳал этилмаган”, дейди Эрик Шимдт.


Мақола муаллифи

Теглар

ядро уруши Сунъий интеллект

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг