Сунъий интеллект 300 миллион кишини ишсиз қолдириши мумкин
Технология
−
31 Март 2023
10647Goldman Sachs ҳисоботига кўра, сунъий интеллект технологиясининг ривожланиши сабаб дунё бўйича 300 миллион киши ишсиз қолиши мумкин. Бу ҳақда молиявий институт ўтказган тадқиқот ҳисоботида маълум қилинди.
Қайд этилишича, сунъий интеллект туфайли дунё меҳнат бозорида жиддий бузилиш кузатилиши мумкин. АҚШ ва Европадаги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, иш ўринларининг учдан икки қисми маълум даражада автоматлаштирилиши мумкин. Таҳлига кўра, гарчи тарихий тажрибада технологик тараққиёт иш ўринларини қисқартирмай, аксинча, янги касбларни яратган бўлса ҳам сунъий интеллект 300 миллион иш ўрнига таъсир ўтказиши ва меҳнат бозорида ўзгаришлар кузатилишига сабаб бўлиши мумкин.
Сунъий интеллект асосан камроқ жисмоний меҳнат талаб қиладиган касбларга таъсир ўтказиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. АҚШда сунъий интеллект офис ва маъмурий қўллаб-қувватлов касбларига энг кўп – 46 фоиз таъсир қилиши прогноз қилинган. Кейинги ўринларда юридик касблар (44 фоиз) ҳамда архитектура муҳандислик соҳасидаги вазифалар (37 фоиз) қайд этилган. Жисмоний ва гуманитар фанлар соҳасида 36 фоиз, бизнес ва молиявий операцияларда 35 фоиз иш ўринларига сунъий интеллект таъсир қилади.
Энг кам автоматлаштириш заруратига эга соҳалар сифатида қурилиш, тозалаш ва таъминот сектори келтирилган (1 фоиз). Шунингдек, таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларга ҳам сунъий интеллект энг кам таъсир қилиши қайд этилган.
Европа бўйича 24 фоиз, АҚШда эса 25 фоиз касблар автоматлаштирилиши мумкинлиги тахмин қилиняпти.
Таҳлилга кўра, сунъий интеллект технологияси ривожланган бозорларга қараганда ривожланаётганларига камроқ таъсир ўтказади. Аммо глобал миқёсда касбларнинг 18 фоизи сунъий интеллект томонидан автоматлаштирилиши мумкин. Гонконг, Исроил, Япония, Швеция ва АҚШ меҳнат бозорлари сунъий интеллект сабаб энг кўп ўзгаришга учраши кутиляпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сунъий интеллект ўзбек адабиёти қаҳрамонларининг қиёфаларини яратганди.
Нодиржон Мадаминов