Судлар эскича ишлашда давом этяпти, терговчилар суст, адвокатлар... – Мирзиёевнинг тизимдан кўнгли тўлмаяпти
Жамият
−
14 Ноябрь 2022
10431Судларда ишларни кўриб чиқиш эскича давом этаяпти. Адвокатларнинг ўрни юқори эмас. Терговчилар ўз устида ишламай қўйган. Бу фикрлар бугун, 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда янгради.
Йиғилишда суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммолар таҳлил қилиниб, соҳани ислоҳ қилиш бўйича таклифлар муҳокама қилинган.
Қайд этилишича, ҳар йили ўртача 1 миллион 500 минг аҳоли судларга мурожаат қилади. Вилоят судлари одил қарор чиқариш бўйича етарлича масъулият олмаётгани сабабли оворагарчиликлар кўп. Мисол учун, йил бошидан буён 18 минг фуқаро вилоят судлари қабул қилган қарорлардан норози бўлиб, Олий судга келган.
Судга аралашувларнинг олдини олиш учун судьяларнинг ваколат муддати узайтирилди, маоши кескин оширилди. Уларни лавозимга тайинлаш Судьялар олий кенгашига ўтказилди. Лекин бу борада ҳалиям айрим бўшлиқлар бор.
Шу боис Президент судларда тортишув муҳитини шакллантириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ишини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Вилоят судлари масъулиятини ошириш, жиноят ишини айблов хулосаси ва ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Судьялар олий мактабини тубдан ислоҳ қилиш, туман ва вилоят судлари учун мол-мулк, оила, солиқ, меҳнат муносабатларига ихтисослашган судьялар тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди. Судьялар ҳамжамиятининг ваколатларини кучайтириш, судьялар сонини босқичма-босқич кўпайтириш таклифи маъқулланди.
Давлат раҳбари соҳада рақамлаштиришни кенгайтириб, ахборот тизимларини уйғун қилиш, замонавий технологиялар орқали одамларга қулайликларни ошириш бўйича топшириқлар берди.