Судандаги ҳокимият учун кураш бадалини болалар ўз жонлари билан тўламоқда – UNICEF
Олам
−
05 Май 2023
4468Жорий йилнинг 15 апрель куни бошланган Судандаги армия ва Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари ўртасидаги тўқнашувларда 190 нафар бола ҳалок бўлди, 1700 нафари эса яраланди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (UNICEF) маълум қилди.
Баёнотда ҳар бир тўқнашувда бўлгани каби, Суданда ҳам болалар энг кўп зарар кўрганлар орасида экани ва уларни ҳимоя қилиш учун ҳар томонлама ҳаракат қилиш кераклиги таъкидланган.
“Судандаги вазият оғир ва болалар бунинг бадалини ўз жонлари билан тўламоқда. Болалар учун можаро тўхташи керак”, дейди жамғарма ижрочи директори Кетрин Руссел.
Русселнинг таъкидлашича, томонлар тиббиёт муассасалари, мактаблар, сув ва канализация иншоотлари ва бошқа инфратузилмаларга ҳужумларни тўхтатиши керак.
“UNICEF Судандаги болалар тинч-тотувликда ўсиши ва келажакка умид билан қараши учун инқирозга узоқ муддатли сиёсий ечим топишга чақиради”, дейди Руссел.
Суданда вазият қандай?
Суверен кенгашга (мамлакат бошқарув органи) ҳам раҳбарлик қилаётган армия қўмондони Абдулфаттоҳ ал-Бурхон ва унинг кенгашдаги ўринбосари махсус кучлар қўмондони Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли Суданда вазият кескинлигича қолмоқда.
Жорий йилнинг 15 апрель куни авж олган тўқнашувлар 2021 йилги ҳарбий тўнтаришдан кейин бошланган сиёсий инқирознинг давоми экани айтилмоқда. Тезкор ҳаракат кучлари ва армия икки йилдан бери ўтиш даври ҳукуматини шакллантириш бўйича келиша олмаган турли сиёсий гуруҳларни қўллаб-қувватламоқда.
Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар (RSF) жангарилари мамлакатдаги камида учта аэропортни, шунингдек, қатор ҳарбий объектлар ва Президент саройини эгаллаб олганини айтишган.
Бироқ Судан Қуролли кучлари бош қўмондони Абдель Фаттоҳ ал-Бурхоннинг таъкидлашича, RSF'нинг Президент саройи, пойтахт аэропорти ва қуролли кучлар штаб-квартирасини назорат қилаётгани ҳақидаги баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмайди. Генерал Бурхон “Al Jazeera” нашри билан суҳбатда ҳарбийлар вазиятни тўлиқ назорат қилаётганини таъкидлаган.
Судан пойтахти Хартумдаги кўплаб йўллар ва кўприклар тўсиб қўйилган, аэропорт ҳам уруш ҳудудига айланган, у ерга парвозлар тўхтатилган. Украина оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ҳарбий ҳаракатлар оқибатида Украинанинг SkyUp авиакомпаниясининг Boeing 737 самолёти аэропортда ёниб кетган.
Бирлашган Араб Амирликларининг Хартумдаги элчихонаси можаро қандай кечаётганини катта ташвиш билан кузатаётганини қайд этиб, муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш ва янги ҳукуматни шакллантиришда миллий консенсус (келишув)га эришиш зарурлигини яна бир бор эслатиб ўтган.
Шунингдек, АҚШнинг Хартумдаги элчиси Жон Годфри ўқ овозларидан уйғонганини ҳамда ҳозирда худди Хартумдаги ва бошқа жойлардаги суданликлар каби элчихонада бошқа дипломатлар билан яшириниб юрганини айтган.
Охирги маълумотларга кўра, Судандаги тўқнашувлар оқибатида 420 киши ҳалок бўлди, улардан 264 нафари тинч аҳоли, 3,7 минг киши жароҳатланган.
LiveБарчаси