Суданда аҳоли нон етишмаётгани сабаб намойишга чиқди
Олам
−
10 Февраль 2020
4064Судан пойтахти Хартум провинциясида ўнлаб одамлар мамлакатда нон ва ёқилғи етишмаслиги сабаб норозилик намойишига чиқди. Бу ҳақда “РИA Новости” хабар бермоқда.
2019 йилнинг декабрь ойида Судан Бош вазири Aбдулла Хамдук янги ҳукумат мамлакатдаги ёқилғи ва нон инқирозига чек қўймоқчи эканлигини эълон қилган эди.
"Ўнлаб одамлар пойтахт Хартумга яқин Шарқий Нил округида нон ва автомобиль ёқилғисининг кескин танқислигига қарши норозилик намойишига чиқишди", дейди гувоҳлар.
Маҳаллий “Al-Sudani” газетаси берган маълумотга кўра, Шарқий Нилда бўлаётган намойиш иштирокчилари орасида мактаб ўқувчилари ҳам бор. Таъкидланишича, намойишчилар ўтиб кетаётган машиналарнинг деразаларини синдириб, қатор йўлларни тўсиб қўйган.
Маълумот учун: Судан 2018 йилнинг охиридан бери иқтисодий инқироз ва халқ норозиликлари туфайли юзага келган беқарорлик даврини бошдан кечирмоқда. 2019 йилнинг апрель ойида Суданда ҳарбий тўнтариш бўлиб ўтди. 30 йил давомида мамлакатни бошқарган Омар ал-Башир ҳокимиятдан четлаштирилди ва кейинчалик қамоққа олинди. Aвгуст ойи охирида Судан ҳарбий кенгаши раҳбари Aбдул Фаттоҳ ал-Бурҳон мамлакат суверен кенгаши раҳбари сифатида қасамёд қабул қилди. Aбдулла Хамдук эса мамлакатнинг янги бош вазири сифатида 2019 йилнинг 21 августида иш бошлади.
LiveБарчаси