Суд-тиббий экспертизаси хулосасини берди – Жорж Флойдда коронавирус бўлган

Олам 7466
image

Миннесота штатининг Миннеаполис шаҳрида полиция томонидан ушланганидан кейин вафот этган афроамерикалик Жорж Флойд янги коронавирусга (COVID-19) чалингани аниқланди. Бу ҳақда кеча, 3 июнь куни Хеннепин округи (Миннесота штати) суд-тиббий экспертиза бюроси ҳисоботида айтилган.

"2020 йил 3 майда COVID-19 учун ўтказилган тест натижаси ижобий чиқди", дейилган ҳисоботда. Ушбу ҳужжат округнинг бош тиббий текширувчиси Эндрю Бейкер томонидан имзоланган. У коронавирусни 46 ёшли Флойднинг ўлимига олиб келиши мумкин бўлган омиллар рўйхатига киритмаган.

Хеннепин округ суд-тиббий бюроси 1 июнь куни марҳум танасининг ёрилиши ҳақида қисқа ҳисоботни эълон қилди. Флойд полиция томонидан ушланганида юрак-ўпка шоки (юрак уриши ва нафас олиш тўхташи) оқибатида вафот этгани айтилди. Америкаликнинг жасадида синтетик опиат фентанил билан заҳарланиш ва метамфетамин гиёҳванд моддасини истеъмол қилиш излари топилган.

Ўз навбатида, Флойдлар оиласи томонидан ёлланган мустақил экспертлар афроамерикалик бўғилиш туфайли вафот этганини аниқлади. Бироқ улар қон айланиш муаммолари, шунингдек, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш бу иш билан бевосита боғлиқ эмас ва одамнинг ўлимига сабаб бўлмаган, деб таъкидлашади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 май куни Миннеаполис полицияси афро-америкалик Жорж Флойдни ҳибсга олди. Қўлга олиш пайтида полициячи эркакнинг бўйнини тиззаси билан босиб туради. Флойд “мен бўғиляпман”, деб бир неча марта айтган. Аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бунга эътибор бермаган. Оқибатда, эркак реанимацияда вафот этган. Бу АҚШда оммавий норозилик ва тартибсизликларни келтириб чиқарди.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 231
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×