Суд “QURAMAX MEDIKAL”нинг лицензиясини тугатди

3-саҳифа

image

Бугун, 13 январь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг  "QURAMAX MEDIKAL” МЧЖга фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган 2019 йил 10 декабрдаги П6580-рўйхат рақамли лицензияни бекор қилиш ва қўллаш учун яроқсиз дори воситаларини муомаладан чиқариб, йўқ қилиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди. 

Суднинг ҳал қилув қарори билан “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖга фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган 2019 йил 10 декабрдаги П6580-сонли лицензия бекор қилиниши ва қўллаш учун яроқсиз дори воситалари муомаладан чиқарилиб, йўқ қилиниши белгиланди.

Мазкур иқтисодий иш бўйича тарафлар эълон қилинган ҳал қилув қарори устидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатда шикоят қилиш мумкин.

Суднинг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ушбу ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.

Шунингдек, мазкур иқтисодий ишга доир ваколатли идора ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан қонун талаблари бузилганлиги бўйича ҳуқуқий баҳо бериш ҳақида хусусий ажрим чиқарилиб, Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилиши белгиланди. Ушбу ажрим устидан белгиланган тартибда шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.

Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.

28 декабрь куни Қашқадарёда “Док-1 Макс” сиропини ичиб яна бир бола ҳаётдан кўз юмгани эълон қилинди. Наманганда хаи “Док-1 Макс” дорисини қабул қилган бола вафот этди. Ҳозирда ушбу доридан вафот этган болалар сони 20 тага етди.

Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.

Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди. Шунингдек, мазкур комания томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси ҳам тўхтатилди.

2023 йил 2 январь куни Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётгани маълум қилинди. Сирдарё вилоятида ҳам “Док-1 Макс” сиропидан 7 бемор заҳарлангани, уларнинг 4 нафари соғайгани ва 3 нафари айни вақтда жонлантириш бўлимида экани ҳақида хабар берилганди.

Аввалроқ, “Док-1 Макс” таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда борлиги аниқланди. Бундан ташқари, Тошкент вилоятида 9 нафар бола “Док-1 Макс”дан заҳарлангани ҳақида хабар берилди.

2023 йилнинг 11 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё аҳолисини “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропларидан сақланишга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг