Суд ҳарбийнинг бошини узиб ташлаган 9 кишини ўлимга ҳукм қилди
Олам
−
15 Январь 2022
38957Тунисда суд 2016 йилда ҳарбийнинг бошини узиб ташлаган 9 нафар “Ислом давлати” террорчилик ҳаракати (ИШИД) аъзоларини ўлимга ҳукм қилди.
1991 йил мамлакатда ўлим жазосига мораторий эълон қилинган бўлишига қарамасдан, 2015 йилдан буён Тунис миллий хавфсизлигига таҳдид сола бошлаган террорчилик гуруҳига аъзо бўлган 9 нафар қотилга нисбатан эълон қилинга олий жазони халқ қўллаб-қувватламоқда.
Кеча, 14 январь куни мамлакат суди 2016 йил ноябрида Жазоир билан чегара яқинидаги Мгила тоғи атрофидаги ҳудудда армия зобити Саид Ғозланийнинг ўлдирилиши билан боғлиқ ҳолатни кўриб чиқди.
У жиҳодчилар қўним топган ўша ердаги ўз уйида бошсиз ҳолатда топилган.
“Ислом давлати” гуруҳи аскарнинг ўлдирилиши билан боғлиқ айбловни тан олган.
Бундан ташқари, суд жиноятга алоқадор 15 нафар шахсга нисбатан 32 дан 44 йилгача муддатга қамоқ жазосини эълон қилган.
2011 йилги инқилобда мамлакат автократик Президенти Зайн ал-Обидин Бин Али ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин Тунисда жангарилар фаоллиги кучайган.
Ўшандан буён, бир неча ўнлаб ҳарбирлар жангари ва террористлар томонидан ўлдирилган.
Сўнгги йилларда мамлакатда хавфсизлик билан боғлиқ вазият анча яхшиланган, бироқ Тунис ҳарбий кучлари ҳали ҳам Мгила ва Чаами тоғлари ҳудудида жангариларнинг фаолиятини кузатишда давом этмоқда.
2020 йилда 29 ёшли аёлнинг ўлдирилиши мамлакатда норозилик уйғотганидан кейин Президент Кайс Саид Тунисда ўлим жазосига қўйилган мораторийни бекор қилишни таклиф қилган.
Аёлнинг жасади пойтахт Тунисни Марса шаҳри билан боғловчи магистрал йўл ёқасидаги ариқдан топилган. Жиноятда гумон қилинган эркак уни қўлидаги телефонини ўғирлаш учун буғиб ўлдирганини тан олган.
Тунисни ларзага солган ушбу қотиллик ортидан мамлакат Президенти Кайс Саид “кимнидур ҳеч қандай сабабсиз ўлдирган ҳар бир киши ўлим жазосига лойиқдир”, дея билдирган эди. Унинг бу сўзлари ҳуқуқ ташкилотларининг норозилигига сабаб бўлганди.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси