Қобул аэропортида йўқолиб қолган икки ойлик чақалоқ яқинларига қайтарилди
Олам
−
09 Январь 2022
10748Тартибсизликлар мобайнида ноиложликдан аэропортда америкалик аскар қўлига топширилган чақалоқ яқинларининг бағрига қайтарилди.
Афғонистонда ҳукумат “Толибон қўлига ўтиши ортидан ваҳимага тушган аҳоли мамлакатни оммавий равишда тарк эта бошлаган эди. Оммавий кўчишлар мобайнида йўқолиб қолган бола Соҳаил Аҳмадий 2021 йилнинг август ойида аскар қўлида ташлаб кетилаётганида эндигина икки ойлик чақалоқ бўлган.
Йўқолган бола ҳақида мақола ёзиб мунтазам ёритиб келган Reuters агентлигининг маълум қилишича, чақалоқни қобуллик 29 яшар такси ҳайдовчиси Ҳамид Сафи топиб олган ва ўз фарзандидек парвариш қила бошлаган.
Етти ҳафтадан кўпроқ давом этган музокаралар, тортишувлар натижасида ҳамда “Толибон” полицияси томонидан қисқа муддатга ҳибсга олинганидан сўнг, Ҳамид Сафи ниҳоят болани Қобулдаги бобоси ва яқин қариндошларига қайтариб берган.
Яқинларининг билдиришича, эндиликда болани бир неча ой аввал Америкадан бошпана топган ота-онаси ва оила аъзолари бағрига қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Ўтган йилнинг ёзида бошланган Афғонистондаги нотинч вазиятлар пайтида, АҚШ элчихонасида қўриқчи бўлиб ишлаган чақалоқнинг отаси Мирза Али Аҳмадий ва онаси Сурайё аэропортда боласи оламон орасида нобуд бўлишидан қўрқиб, уни америкалик аскар қўлига топширган.
Аҳмадий Reuters’га берган интервьюсида, ўғлини аэропорт панжарасининг нариги томонида бўлган, америкалик аскар дея тахмин қилиб, ҳарбий формадаги одамга бериб юробгани ва ўзидан 5 метр нарида жойлашган дарвозадан кириб олгач, қайтариб олмоқчи бўлганини айтган.
Аммо, айнан ўша пайтда “Толибон” жангарилари ортга чекинишини айтиб, оламонга қурол ўқталган. Натижада Аҳмадий ва унинг оиласи бир неча соатлардан кейин аэропорт ҳудудига киришга муваффақ бўлган, лекин чақалоқни йўқотиб қўйишган.
Аҳмадийлар оиласи АҚШ ҳарбийлари томонидан эвакуация қилиниб, Техасдаги ҳарбий базага жойлаштирилган.
Болани топиб олган такси ҳайдовчиси Ҳамид Сафининг айтишича, айнан ўша куни у ҳам акасининг оила аъзоларини Америкага юбориш учун Қобул аэропортига олиб келган. Аэропорт ичкарисига киришга муваффақ бўлган Сафи ерда ётган чақалоққа кўзи тушади ва унинг ташлаб кетилганини тахмин қилиб, уни боқиб олишга қарор қилади.
Уч нафар қизалоқни тарбиялаётган Сафининг айтишича, ўлимидан аввал онаси Сафининг ўғилли бўлишини жуда орзу қилган.
“Мен ўша пайтда болани боқиб олишга қарор қилдим. Агар оиласи топилса, уларга қайтармоқчи, топилмайдиган бўлса, ўзим катта қилмоқчи эдим”, деган такси ҳайдовчиси Сафи.
Вазиятдан хабардор Америка элчихонаси расмийларига кўра, болани ота-онасининг бағрига қайтариш учун амалий ёрдам кўрсатилади.
Беҳруз Саидов