ССВ ЖССТ билан “COVID-19 бўйича миллий қўлланма” ишлаб чиқди

Жамият

image

Ўзбекистонда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда “COVID-19 бўйича миллий қўлланма” яратилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.

Қўлланмада COVID-19 ни бошқариш алгоритми, жумладан, мулоқотда бўлган шахсларни, шубҳали ҳамда тасдиқланган ҳолатларни бошқариш, янги коронавирус туфайли келиб чиққан касалликнинг енгил формаси билан касалланган беморни уйда парвариш қилиш ва мулоқотда бўлган шахсларни бошқариш тактикасига батафсил тўхталиб ўтилган.

Шунингдек, қўлланмада коронавирус билан шубҳаланган шахсларни лаборатор текширувидан ўтказиш намуналарини олиш ва уларнинг транспортировкаси, касалланган беморларни клиник бошқарув, тиббиёт муассасаларида коронавирусга қарши курашиш учун инфекцион назорат чораларини ташкил этишда тиббиёт ходимларининг ваколат ва мажбуриятларига кенг ўрин ажратилганлиги билан ҳам эътиборга молик.

Энг муҳими, айни пандемия авж олган бир пайтда ушбу қўлланма барча учун бирдек фойдали. Негаки, унда коронавирус инфекцияси аломатлари сезилган беморларни, халқаро стандартлар асосида, самарали даволаш бўйича тавсиялардан тортиб, соғайган беморларни реабилитация қилишгача бўлган жиҳатлар акс эттирганлиги билан аҳамиятлидир.

Ушбу қўлланма билан танишган мутахассислар коронавирусга чалинганларни муолажа қилиш, хасталанганлар билан мулоқот қилганларни назорат қилиш, тиббий кузатув олиб бориш борасида керакли тавсияларга эга бўлишса, фуқаролар эса касаллик ҳақида, ундан сақланиш борасидаги стандарт эҳтиёт чоралари, ҳаво-томчи йўли, яқин мулоқотда бўлиш каби вирус юқиш хавфларидан сақланиш борасида зарур маълумотларга эга бўлишлари мумкин.

Мутахассислар ва кенг жамоатчилик учун мўлжалланган ушбу қўлланма Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги COVID-19 коронавируси бўйича тавсиялари асосида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ҳамда ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, доктор Лианне Куппенс раҳбарлиги остида малакали мутахассислар томонидан тайёрланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар сони 694 нафарга етди. Бугунгача касалланганларнинг 42 нафари даволанган, 3 нафари вафот этган.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

93

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг