ССВ коронавирусдан вафот этган тиббиёт ходими ҳақида маълумот берди

Жамият

image

Аввалроқ, Олмазор туманидаги 18-Оилавий поликлиникасининг катта ҳамшираси 1960 йилда туғилган Феруза Тўхтаева коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимининг ўлими ҳақида маълумот берди ва  расмий эълон қилинган ўлим ҳолатлари 88 тага етди.

Вазирлик маълумотига кўра, Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 60 ёшли Ф.Т. (аёл)да жорий йил 8 июль куни “COVID-19” тасдиқланган ва у Вирусология илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган.

Унга “COVID-19” инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Беморда касаллик сепсис, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилик каби асоратлар билан кечган. 

Шунингдек, у юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардия, қандли диабет каби ҳамроҳ хасталиклар билан ҳам оғриган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган. 

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

631

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг