ССП раиси электромобиль импортига бож киритишни қўллаб-қувватлади (видео)

Жамият

image

Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Ваҳобов электромобиллар импортига бож жорий этиш таклифини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда у кеча, 1 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган давра суҳбатида сўз очди.

Палата раиси электромобилларни олиб киришда бошқа давлатлардаги бож ставкаларини келтириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ расмий дилер йўқлиги ва стандартларга мос келмаслиги сабабли Хитойдан импорт қилинган электромобилларга 102,5 фоизлик бож жорий қилган. Европа давлатларида бу кўрсаткич 38,1 фоиз, Туркияда 58 фоиз, Бразилияда 10 фоизга тенг бўлиб, 2026 йилда 35 фоизга кўтарилади.

Бундан ташқари, Туркияда Хитой электр транспорт воситаларига 10 фоиздан 50 фоизгача қўшимча божлар киритгандан сўнг, BYD бу мамлакатда 1 миллиард долларлик завод қуришга қарор қилган. Савдо-саноат палатаси раҳбарининг фикрича, автомобиль саноати мамлакат учун малакали кадрлар шаклланишига замин яратади. Ваҳобовнинг қўшимча қилишича, бу ишчи ўрни ёки монополия билан боғлиқ эмас, балки автосаноат соҳасида малакали мутахассислар чиқариш нуқтайи назаридан жуда аҳамиятли ҳисобланади.

Даврон Ваҳобовнинг фикрича, нол тариф ставкалари Хитой электромобилларининг кафолатсиз оммавий равишда олиб кирилишига олиб келади, бу эса сифатли хизмат кўрсатилмагани ва маҳаллий шароитга мослашмагани учун истеъмолчиларга катта харажатга тушади.

“Маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш деганда, сал кенгроқ қарашингларни сўрайман. Бизда 430 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, Туркияда 1 млн 100 минг дона ва атиги 5та бренд. Солиқ миқдори автомобиль бозор қийматининг 100 фоизини ташкил қилади. Туркия биздан орқадаги давлат ҳисобланадими, ўзининг бозорини шунақа ҳимоя қилаётган бўлса? Ёки ундан юқорироғини айтадиган бўлсак, 37 фоиз ҳашамат солиғи деган нарса ҳам бор. Шу сабабдан, олдинги йиғилишда тадбиркоримиз кўтарган масалани 100 фоиз қўллаб-қувватлайман, сабабики, у саноат ривожланса, бизда минглаб ишлаб чиқарувчилар ривожланади”, деган у.

Ваҳобов бутун дунёда аккумуляторларни қайта ишлаш масаласи долзарб бўлиб бораётганига ҳам эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда бу йўналишда бирорта ҳам лойиҳа мавжуд эмас. Унинг айтишича, электромобиллар учун тўловларни гибрид автомобиллар билан тенглаштириш, аккумуляторларни қайта ишлаш лойиҳалари учун маблағ яратиш ва янги технологияларни жалб қилиш зарур.


Мақола муаллифи

Теглар

импорт электромобиль Даврон Ваҳобов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made