Марказий Осиё давлатлари Россиядаги ёнилғи танқислиги ортидан янги импорт манбаларини изламоқда

Олам

image

Марказий Осиё давлатлари Россиядан ёнилғи етказиб бериш ҳажмининг камайиши фонида таъминот манбаларини диверсификация қилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон, Қозоғистон, Беларусь, Хитой, Туркманистон ва бошқа давлатлардан импортни ошириш чоралари кўрилмоқда. Бу ҳақда “Eurasianet” хабар берди.

Қайд этилишича, Украинанинг Россия энергетика инфратузилмасига такрорий дрон ҳужумлари Москвада ички ёнилғи танқислигини кучайтирган. Шу сабабли Россия бензин ва авиакеросин каби нефть маҳсулотлари экспортини чеклашга мажбур бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, йил бошигача Қирғизистон ва Тожикистон ёнилғи таъминотининг қарийб 90 фоизини Россиядан олган. Бироқ июль ойи охирида Россия Қирғизистоннинг йил охиригача бўлган эҳтиёжининг фақат ярмига яқин қисмини етказиб беришга рози бўлган. Бу ойига тахминан 100 минг тонна нефть маҳсулотлари дегани. Шу муносабат билан Бишкек Ўзбекистон ва Қозоғистон билан кичик ҳажмдаги етказиб бериш бўйича келишувларга эришган, шунингдек, Беларусь ва Хитойдан ёнилғи олишни йўлга қўйган. 

Нашрга кўра, Қирғизистон ҳукумати Туркия ва Европа Иттифоқидан қўшимча ёнилғи олиш бўйича ҳам музокаралар олиб бормоқда. Қирғизистон, шунингдек, ички эҳтиёжни қоплаш имкониятини ошириш учун нефтьни қайта ишлаш заводи қурилиши лойиҳасини тезлаштирмоқда. Завод йилига қарийб 450 минг тонна нефть маҳсулоти ишлаб чиқариши ва мамлакат йиллик эҳтиёжининг деярли чорак қисмини қоплаши прогноз қилинган. Корхона 2026 йил охирида ишга туширилиши мумкин.

Маълум қилинишича, Тожикистон июль ойида Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан ёнилғи импортини июнь ойига нисбатан уч баравар ошириб, 34 минг тоннага етказган. Айни пайтда эса Россиядан бензин етказиб бериш қарийб икки баробар камайиб, 14 минг тоннадан бироз ошган. Манбага кўра, Душанбе қўшимча таъминот бўйича Қозоғистон ва Хитой билан музокара қилмоқда. Тожикистон Энергетика вазирлиги мамлакатдаги ёқилғи захиралари тахминан 60 кунга етишини билдирган.

Нашрнинг қайд этишича, Ўзбекистон Россия энергетикасига нисбатан камроқ қарам ҳисобланади. Мамлакатда ойига 100 минг тоннагача нефть маҳсулоти ишлаб чиқариш имконияти мавжуд бўлиб, бу ички эҳтиёжнинг қарийб 60 фоизини қоплайди. Қолган эҳтиёжни таъминлаш учун Тошкент Грузия, Ироқ ва бошқа давлатлар билан янги келишувларга эришишга уринмоқда.

Шунингдек, мақолага кўра, Ўзбекистон учун айни пайтдаги асосий муаммолардан бири авиакеросинга талабнинг кескин ошиши бўлмоқда. Геосиёсий вазиятнинг кескинлашиши туфайли Марказий Осиё орқали амалга оширилаётган авиарейслар сони, хусусан, Россиядан Ўзбекистонга парвозлар кўпайган. Шу сабабли ички ишлаб чиқаришни ошириш режалаштирилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон расмийлари мамлакатдаги ёнилғи захиралари икки-уч ойга етишини билдирган. Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мамадалинов куз-қиш мавсумини жиддий муаммоларсиз ўтказиш мумкинлигига ишонч билдирган.

Тожикистон ва Ўзбекистон ҳам ички нефть-газ захираларини излаш ишларини кучайтирмоқда. Душанбе геологик тадқиқотларда Хитой компанияларини жалб қилган бўлса, Тошкент нефть-газ соҳасидаги салоҳиятини ошириш, жумладан, АҚШнинг SLB компанияси билан ҳамкорликда сейсмик маълумотларни қайта ишлаш марказини ташкил этиш режаларини илгари сурган.

Қозоғистон ва Туркманистон эса ички нефть маҳсулотлари эҳтиёжини асосан ўзлари қоплайди. Шунинг учун улар қўшни давлатларга қўшимча экспорт орқали даромад олиш имкониятига эга бўлган.

Манбага кўра, Россия–Украина уруши қанча узоқ давом этса, Марказий Осиёда шаклланаётган янги ёнилғи таъминоти тизими шунча кўпроқ мустаҳкамланиши мумкин. Бу эса узоқ муддатда Россиянинг минтақадаги ёнилғи бозоридаги улушини қисқартириб, Кремль даромадларига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолини оширади.

Шунингдек, Россиядаги ёнилғи танқислиги жиддийлашганининг яна бир белгиси сифатида Москва Қозоғистонда Россия нефтини қайта ишлаш имкониятини муҳокама қилмоқда. Дастлабки режага кўра, Қозоғистонда қайта ишланган маҳсулотлар ички бозорда сотилиши, шунингдек, Россияга қайтариб етказиб берилиши мумкин. Бу Россия нефть маҳсулотларини Украина ҳужумларидан ҳимоя қилишга ёрдам бериши қайд этилган, аммо бу Кремль даромадларини қисқартириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон ёнилғининг барқарор етказиб берилишини таъминлаш ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари (ЁММ) тақчиллиги юзага келишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ва бир қатор бошқа давлатларга расмий мурожаатлар йўллаган эди.

Шундан сўнг, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси – Президент Администрацияси раҳбари Одилбек Қосималиев “Кабар” агентлигига берган интервьюсида Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон билан ҳар ой 20 минг тонна ёнилғи етказиб бериш бўйича музокаралар ўтказганини айтганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг