Қирғизистон Ўзбекистондан ёнилғи етказиб беришда ёрдам сўради
Олам
−
02 июл 3839 2 дақиқа
Қирғизистон ёнилғининг барқарор етказиб берилишини таъминлаш ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари (ЁММ) тақчиллиги юзага келишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ва бир қатор бошқа давлатларга расмий мурожаатлар йўллади. Бу ҳақда мамлакат Энергетика вазирлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, Қирғизистон бензин ва дизелнинг 90 фоиздан ортиғини Россиядан олади. Етказиб бериш ҳажми ҳукуматлараро битимлар билан тартибга солинади. Бироқ Россия Федерациясидаги ёнилғи инқирози ва тақчиллик сабабли Қирғизистон ЁММ етказиб беришни диверсификация қилиш бўйича фаол музокараларни бошлаган.
“Қирғизистон Республикаси ёнилғи-мойлаш маҳсулотларининг асосий қисмини импорт қилади. Шу муносабат билан жаҳон энергетика бозоридаги ўзгаришлар, жумладан, Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик, халқаро логистикадаги хавф-хатарлар ва жаҳонда нефть нархининг ошиши, бошқа кўплаб давлатлар бозорлари қатори, мамлакат ички бозорига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда”, дея қайд этган Энергетика вазирлиги.
Шу билан бирга, вазирлик мамлакатда ЁММнинг етарли захиралари шакллантирилганини ва маҳсулот етказиб бериш аввал тузилган шартномаларга мувофиқ давом этаётганини қайд этган.
“Ёнилғининг барқарор етказиб берилишини сақлаб қолиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ва Энергетика вазирлиги Россия, Қозоғистон, Беларусь, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг соҳавий давлат органларига расмий мурожаатлар йўллади”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, бунга параллель равишда Қирғизистон расмийлари ички ишлаб чиқариш қувватларини ошириш устида ҳам иш олиб бормоқда. Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эрлист Акунбеков ва Энергетика вазири Олтинбек Рисбеков Жалолобод вилоятидаги “Қирғизнефтгаз” корхонасига ташриф буюриб, ички бозорни нефтемаҳсулотлар билан таъминлаш чора-тадбирларини муҳокама қилган. Учрашув якунларига кўра, компания раҳбарияти ва хусусий шерикларга мамлакатни ёнилғи билан барқарор таъминлаш ишларини кучайтириш топширилган.
Бундан ташқари, Президентнинг махсус топшириқлар бўйича махсус вакили Бақит Тўрабоев Чўй вилоятидаги “Жунда” нефтни қайта ишлаш заводида бўлган. Корхона раҳбариятига мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун бензин ва бошқа нефтемаҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш тавсия этилган.
Эсдатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда бензин ва авиация керосини экспортига вақтинчалик тўлиқ тақиқ жорий этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси