Экспорт ва импорт квоталарини тақсимлашнинг ягона тартиби белгиланди
Ўзбекистон
−
12:29 114 3 дақиқа
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 6 ноябрдаги 610-сон қарори билан ташқи иқтисодий фаолиятда маҳсулотлар экспорти ва импортини миқдорий чекловлар орқали тартибга солиш тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ҳужжатда айрим маҳсулот турлари бўйича экспорт ва импорт квоталарини жорий этиш, уларни тақсимлаш, маъмурий бошқариш ҳамда бу борадаги маълумотларни тақдим этишнинг ягона механизми белгиланди. Бу ҳақда Божхона қўмитасининг расмий Telegram-каналида хабар берилди.
Маълум қилинишича, янги тартибга мувофиқ, квоталарни тақсимлашнинг икки усули жорий этилмоқда. Булар – “аралаш тақсимот” ҳамда ”биринчи келган – биринчи олади” усулларидир.
“Аралаш тақсимот” усулида квотанинг 50 фоизи мурожаатлар келиб тушиш навбатига қараб, қолган 50 фоизи эса аввалги даврдаги экспорт ёки импорт кўрсаткичларидан келиб чиқиб, анъанавий экспортёр ва импортёрлар ўртасида тақсимланади.
“Биринчи келган — биринчи олади” тамойилида эса квота Божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими томонидан божхона юк декларациялари қабул қилинган календарь кунлар хронологик кетма-кетлиги асосида ажратилади.
Шунингдек, квоталарни тақсимлашда талабгорларнинг тенг ҳуқуқлилиги таъминланади. Бунда мулкчилик шакли ва рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар, барча талабгорларга нисбатан камситмаслик тамойилига амал қилинади. Қарор билан Божхона қўмитасининг миқдорий чекловларни жорий этиш жараёнидаги вазифалари ҳам аниқ белгилаб берилган. Жумладан, чекловларни жорий этиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш жараёнида қўмита тегишли маҳсулотларнинг экспорт ва импорт ҳажмлари тўғрисидаги батафсил маълумотларни масъул органга тақдим этади.
Бундан ташқари, миқдорий чекловларни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг, у ҳақдаги маълумотлар уч иш куни ичида Божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
Маълумотларга кўра, “биринчи келган — биринчи олади” тамойили асосида тақсимланадиган квоталар бўйича фойдаланилган ҳажм, жорий резерв, эркин қолдиқ ҳамда божхона юк декларациялари навбатига оид умумлаштирилган маълумотлар Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида реал вақт режимида шакллантирилади. Бунда тижорат сири ҳисобланган маълумотлар ошкор этилмайди.
Шу билан бирга, миқдорий чекловларнинг амал қилиш муддати уларни жорий этишга асос бўлган ҳолатлар давомийлиги билан чекланади. Зарур ҳолларда чекловларнинг мақсадга мувофиқлиги ва мутаносиблиги қайта кўриб чиқилади.
Қайд этиш жоиз, мазкур тартиб ташқи савдо операцияларини тартибга солиш, квоталарни тақсимлашда шаффофликни таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун тенг шароитлар яратишга қаратилган.
Қарор Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига расман аъзо бўлган санадан бошлаб кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,3 фоизга ошиб, 65,4 миллиард долларни ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиШавкат Мирзиёев Уммонга борди
16 Ноябрь
Бангладешда тикувчилар иш ташламоқда
16 Ноябрь